Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2017 15:46 Чоп этиш версияси

ОАВ ҳақидаги қонунларга қатъий риоя қилиш таъминланади

Миллий матбуот марказида босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг бугунги фаолияти ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан рўйхатга олиниб, давлат реестрига киритилган оммавий ахборот воситаларининг умумий сони 1 минг 564 тани ташкил этади. Булар 694 газета, 330 журнал, 14 ахборотнома-бюллетень, 4 ахборот агентлиги, 68 телевидение, 37 радиостанция, 418 веб-сайтдир. Улар 7 тилда ва сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий, спорт каби 20 дан ортиқ йўналишда фаолият олиб бормоқда.

Даврий нашрларнинг сони, матбаа сифати, материалларининг савияси, мазмун-моҳиятида содир бўлган ижобий ўзгаришларни инкор этмаган ҳолда, уларни ҳозирги кун талабига тўла жавоб беради, аҳолининг давр билан бирга ўсиб бораётган талаби, диди, маънавий эҳтиёжини тўла қондиради, деб бўлмайди. Айрим хусусий газета-журналларда чоп этилаётган материалларнинг ғоявий-бадиий савияси паст. Мисол учун, “Келинчак”, “Humo” журналлари, “Отдохнем!” газетаси ўз саҳифаларида асосан Ғарб санъаткорларининг "ишқий ҳаёти"ни мунтазам ёритмоқда, оилавий қўнимсизлик, эр-хотиннинг бир-бирига хиёнати, никоҳсиз турмуш сингари иллатларни оддий ҳол сифатида ёзмоқда. Одамларни шу каби “саҳналар” билан ўзига жалб қилишга уринаётган "тадбиркор ижодкор"ларга агентлик томонидан бир неча маротаба огоҳлантириш хатлари киритилса-да, улар ўз фаолиятига танқидий ёндашиб, хулоса чиқариш, таҳририятлар ишига маънавий етук, бой ҳаётий ва касб тажрибасига эга ижодкорларни жалб қилиш ўрнига ёт салбий ҳолатларни тарғиб этмоқда.

Агентликдан берилган маълумотларга кўра, қонунбузарлик ҳолатларига беписандлик билан қараётган нашрлардан бири “Oltin asr” журналидир. Ушбу журнал муаллифлик ҳуқуқи меъёрларига риоя қилмаслик, ўзбек тили қоидаларини қўпол равишда бузиш бўйича “рекордчи” нашрлардан бири. Хусусан, нашрнинг 1-сонида ўндан ортиқ материал Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигидан кўчирилгану асл манбаси кўрсатилмаган. Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президентимиз фармон, қарорларининг номи ва нормаларини бузиб кўрсатиш ҳолатлари бўйича ҳам “етакчи” бўлган бу нашр саҳифаларида саноқсиз имловий ва услубий хатоларга йўл қўйилган. Журнал республика миқёсидаги нашр ҳисобланади. Аммо унда чоп этилаётган қатор мақолаларда материал қайси туман ёки вилоятга мансублиги қайд этилмаган, маҳалла ёки мактаб номи кўрсатилган, холос.

Таъкидланишича, Сурхондарё вилоятидаги “Денов-АТР”, Бухоро вилоятидаги “Ғиждувон-ТВ”, Жиззах вилоятидаги “Жиззах ТВ2” телеканаллари, Андижон вилоятидаги “Дийдор ФМ” радиоканали, “Тараққиёт” телеканали соҳага оид қатор меъёрий ҳужжатларнинг тегишли моддаларини доимий равишда бузиб келган.

Қонунбузилишларга чек қўйиш мақсадида 2017 йилнинг ўтган етти ойи давомида агентлик томонидан оммавий ахборот воситаларига 100 дан ортиқ, нашриёт ва матбаа корхоналарига 70 га яқин таъсир чоралари қўлланилди. Афсуски, қонунбузилишлар юзасидан таҳририятлар ва муассисларга нисбатан қўлланилаётган таъсир чораларидан тегишли хулоса чиқармаслик, уларга яратиб берилаётган имконият ва эркинликни суиистеъмол қилиш оқибатида кўплаб тақдимнома ва кўрсатмалар қоғозда қолиб кетмоқда, натижада таҳририятлар фаолиятидаги хато ва камчиликлар такрор содир этилиши аниқланмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан учрашувидаги маърузасида ҳам бугунги кунда енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радиостанциялар кўпайиб бораётгани кескин танқид қилинди, – дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев. – Бундан ҳар биримиз тегишли ва зарур хулосаларни чиқариб олишимиз шарт. Бугунги кунда юртимиз, халқимиз олдида оммавий ахборот воситаларининг шаъни ва қадрини, журналист, зиёли деган шарафли номни оқлаш, унга муносиб бўлиш ҳар бир ижодкорнинг юксак масъулияти ва виждон иши бўлмоғи лозим.

Шу боис соҳадаги камчилик ва салбий ҳолатларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, айрим таҳририятлар фаолиятида йўл қўйилаётган қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари фаолиятида аниқланган салбий ҳолатлар ҳақида ўз сайтида материаллар эълон қилиб, уларни келтириб чиқарган омилларни жиддий танқидий таҳлил этиб, бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар, амалий йўриқ ва кўрсатмалар бериб боришни йўлга қўйди. Келгусида агентликда ташкил этилажак махсус студия орқали онлайн тарзда ОАВнинг кунлик таҳлили натижаларини бериб бориш ҳам режалаштирилган.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
5 073






Все о погоде - Pogoda.uz