OʻzLiDeP “буюртмаси” асосида ишлаб чиқарилган
Ёлғоннинг умри қисқа, дейишади. Аммо харидорга отнинг калласидек чегирмалар ваъда қилган дўконлардаги тўполонлар пайти ҳеч ким ҳеч нарсани эшитмаганидек, баъзи бир ташкилотлар бугунги сиёсий талотўплар даврида ўз “матоҳ”ларини ўтказишга муваффақ бўлмоқдалар.
Ёлғоннинг умри қисқа, дейишади. Аммо харидорга отнинг калласидек чегирмалар ваъда қилган дўконлардаги тўполонлар пайти ҳеч ким ҳеч нарсани эшитмаганидек, баъзи бир ташкилотлар бугунги сиёсий талотўплар даврида ўз “матоҳ”ларини ўтказишга муваффақ бўлмоқдалар.
Хусусан, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган тагзаминсиз БАЁНОТини айнан шундай тўполонлар пайти оммалаштирилаётган “матоҳ”га ўхшатиш мумкин.
Гап шундаки, бундан уч-тўрт кун аввал партия етакчилари ва блогерлар ўртасида анчайин қизғин мулоқот бўлиб ўтган эди. Унда блогер Хушнудбек Худойбердиев OʻzLiDeP Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов жанобларига фермерлар кенгаши фермерларни, савдо-саноат палатаси эса тадбиркорларни ўз сафига мажбурий аъзо қилиши қонунга зидми, йўқми деган савол билан мурожаат қилди.
Масаланинг ниҳоятда жиддий эканини, “ҳа” деса минглаб фермер ва тадбиркорлар, “йўқ” деса “катта”лар олдида изза бўлишини чуқур англаган партия етакчиси саволга масалчиларга хос тарзда жавоб қайтарди.
Бундан қониқмаган блогер эса саволини яна қайтарди. Аммо бу сафар ҳам “масалчилик маҳорати” қайтарилиб, ушбу саволга қонунчилик меъёрлари батафсил ўрганилиб, кейинроқ тўла маълумот беришга ваъда қилинди.
“Иштаҳа дастурхонда келади” деганларидек, зийрак блогер ҳам қайсарлик билан ўз саволига шу тобда жавоб олиш ниятида эканини билдирди. Шундан сўнг, суҳбатга “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров аралашиб, бу ҳолатда амалдаги қонунлар бир-бирига зид эканини таъкидлади ва ҳамда мавжуд вазиятга вазминлик билан изоҳ берди.
Яъни “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасида белгиланган “Фермер хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийдир” нормаси бошқа қонунларга зид эканини қайд этди.
Агар ана шу ҳолатга холис кўз билан қаралса, А.Қодировнинг А.Ҳаитов йўл қўйган хатони тузатиш орқали вазиятни юмшатишга урингани яққол кўринади. Аммо OʻzLiDeP мутасаддилари бундай ҳолатда ўзларини камситилгандек ҳис қилдилар чоғи, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига “буюртма” бериб, кенгаш баёноти орқали ўзларини оқламоқчи бўлдилар. Аслида эса улар ушбу баёнотлари билан навбатдаги хатога йўл қўйдилар, десак хато бўлмайди.
Ҳуқуқшуносликдан бирозгина хабардор киши ушбу баёнот “чокидаги иплар” аранг турганини дарров илғаши аниқ. Ҳатто фермерлар кенгаши ҳам ўз ёлғонларини қонунлар асосида изоҳлашга қанчалик ҳаракат қилмасин, ўз ёлғонларига ўзлари ҳам алданиб қолдилар.
Баёнотда фермерларнинг Кенгашга аъзолиги мамлакатимизнинг асосий Қонуни меъёрларига зид эмаслиги айтилиб, Конституциянинг жамоат бирлашмалари тўғрисидаги XIII боб, 56-моддаси асос сифатида келтирилди. Аммо ушбу моддада аъзолик ҳақида эмас, балки жамоат бирлашмаларига таъриф берилганини кейин сезиб қолдилар чоғи. Аммо энди кеч эди…
Аъзолик ҳақида эса Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VII боб, 34-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эга экани баён қилинган. Яъни, бу ерда мажбурийлик белгиланмаган.
Шунингдек, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида нодавлат нотижорат ташкилотлари жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилиши ҳам кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида эса жамоат бирлашмаларининг фаолиятида уларнинг уставларида кўзда тутилган ҳолларда жамоа аъзолари: корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг меҳнат жамоатлари, фуқароларнинг бирлашмалари иштирок этишлари мумкинлиги белгиланган.
Демак, кўриниб турибдики, ҳар қандай нодавлат нотижорат ташкилотига аъзо бўлиш ихтиёрийлик асосида амалга оширилиши қатъий белгиланган.
Фикримизга янада аниқлик киритадиган бўлсак, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси 3-қисмига асосан у ёки бу нодавлат нотижорат ташкилотига аъзолик ёки унинг фаолиятидаги иштирокнинг кўрсатилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши баёнотида яна бир жиҳат борки, бу шундай нуфузли идора юристларининг ҳуқуқий хатоларини кўрсатиб турибди. Кенгаш ўз баёнотида касаба уюшмаларига аъзолик ихтиёрий эканини айтиб, фермерлар кенгаши касаба уюшмаси эмаслигини уқтирмоқчи бўлади. Бу билан ўзини “профессионал ташкилот”, деб эълон қилган кенгаш хулосасини мантиқли хулоса, деб бўлмайди, албатта.
Кенгаш мутасаддилари баёнотни эълон қилишдан аввал уни ўқибдилару уқмабдилар чоғи.
Шу ўринда улар ўз баёнотларини “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонун билан изоҳлаганларини ҳам таъкидлаш жоиз. Ушбу қонуннинг 18-моддаси 2-қисмида Фермер хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийлиги белгиланган.
Тан олиш керак, бугун қонунчилигимизда бир-бирини такрорлайдиган ва бир-бирига зид бўлган кўплаб Қонун ва қонуности ҳужжатлари бор. Хусусан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунни ҳам шундай ҳужжатлар қаторига қўшиш мумкин. Чунки Қонуннинг 18-моддаси 2-қисми ҳам замон зайли билан қабул қилинган.
Бундан ташқари юқоридагидек хатти-ҳаракатлар фуқаролик кодекси талабларига ҳам зиддир. Эслатиб ўтамиз, жорий йилда мазкур қонунни янги таҳрирда қабул қилиш жараёнида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари, шу жумладан, OʻzLiDePнинг машҳур депутати Расул Кушербаев ҳам уни қабул қилишга қарши овоз берган эди.
Шу ўринда яна бир таажжубланарли ҳолат. Кенгаш ушбу баёнотни шу қадар шошма-шошарлик билан тайёрлаганки, ҳатто ўз фаолиятларини мувофиқлаштирувчи асосий қонун номини ҳам хато ёзишган. Биз ҳар қанча уринмайлик, кенгаш баёнотида қайд этилган “Фермерлик тўғрисида”ги қонунни топа олмадик. Аммо “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонун бор.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳар қандай қонун аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларига зид равишда қабул қилинмаслиги керак, деб ҳисоблайди.
Конституциямизнинг 48-моддасига кўра, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар. Замонавий давлат ва ҳуқуқ назариясида бугунги замонавий ривожланган давлатлар амалиётида қабул қилинган ҳар қандай қонунни ҳам “ҳуқуқий қонун” сифатида эътироф этилмаслик амалиёти мавжуд. “Ҳуқуқий қонун” ўзида эркинлик, тенглик ва адолат қоидаларини акс эттириши шарт. Шу нуқтаи назардан, нодавлат нотижорат ташкилотларига аъзоликни мажбур қиладиган қонуннинг ушбу тамойилларга қанчалар мувофиқ эканлигига баҳо бериш ўзингизга ҳавола.
Шу муносабат билан “Миллий тикланиш” демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда барча сайловчиларни номзодларга масъулият билан овоз беришга чақиради.
Азиз сайловчилар! Парламентда қайси партия устувор мавқега эга бўлса, айнан ана шу партия вакиллари Сизни амал қилишга мажбур қиладиган қонунларни қабул қилиши мумкинлигини УНУТМАНГ.
Дониёр Тошбоев,
ЎзМТДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи