Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.02.2018 20:05 Чоп этиш версияси

Оқ йўл сизга, аскарлар!

Оқ йўл сизга, аскарлар! Термиз шаҳридаги Хотира майдонида Сурхондарё вилоятидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг ота-оналари, яқинлари, ёшлар иштирок этган тадбирда мустақиллик йиллари Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида хизмат қилиш нафақат Конституциявий бурч, балки том маънодаги шон-шараф ишига айлангани алоҳида таъкидланди.

Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

6.jpg

– Коллежда ўқиб юрган давримда ҳарбий соҳага қизиқиб қолган эдим, – дейди Термиз шаҳридан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Шаҳзод Ҳусанов. – Шу мақсадда аъло баҳоларга ўқиб, жисмонан чиниқдим. Муддатли ҳарбий хизматни муносиб ўташга астойдил ҳозирлик кўрдим. Барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, мана бугун аскарлик либосини кийиш бахтига муяссар бўлдим. Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг шартнома асосида хизматни давом эттирмоқчиман.

Хизматга йўл олаётган ёш ўғлонларнинг келгуси ҳаётини ҳам Ватан осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги билан боғлаётгани уларнинг ота-оналари қалбида фахр-ифтихор туйғусини янада юксалтирмоқда.

7.jpg

– Кенжа ўғлим Фарҳоджоннинг йигитлик бурчини ўташга кетаётганидан қувончим чексиз, – дейди Шўрчи тумани "Олий ҳиммат" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Эркин Остонақулов. – У Конституциямизда белгилаб қўйилган бурчини адо этгач, шартнома асосида хизматни давом эттирмоқчи. Фарзандимизнинг Ватан ҳимоячисидек шарафли касбни танлаётганидан фахрланамиз.

Тадбир якунида бўлажак аскарларга совғалар улашилди. “Яккасарой” тўйхонасида дастурхон ёзилиб, Ватан, тинчлик ва фаровон ҳаётни тараннум этувчи куй-қушиқлар янгради.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
9 023