ЎзА Ўзбек

26.08.2018 13:07 Чоп этиш версияси

Оғуга макон бўлган хонадон

Оғуга макон бўлган хонадон

Ҳозирги кунда ер юзидаги наркобизнесда айланаётган пул маблағи дунё аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфлаётган харажатларидан анча кўплиги ҳеч кимга сир эмас.

Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлмоқда. Ушбу сабаблар, иллатлар тўғрисида ва жамиятга етказадиган зарари тўғрисида кенг аҳолига қанчалик бонг уриб етказилмасин, афсуски орамизда, ушбу офатни истеъмол қиладиган ҳамда нафс балосига учраган “савдогар” шахслар ҳали-ҳамон учраб турибди.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро П.М.нинг яшаш хонадони божхона хизмат ити ёрдамида, холислар иштирокида кўздан кечирилди. 

Текширув натижасида хонадоннинг кириш қисмида жойлашган, томорқадаги қуриб битказилмаган уйнинг дераза токчасига илинган “марихуана” гиёҳвандлик моддаси банд шохлари ва хона девори тагида ерда бир дона уч литрли банка шиша идишга солинган “марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Шунингдек, хона четида турган қоплар ичидаги шиша идишларда, ҳовлидаги қоп ичидаги целлофан пакетда ўткир ҳидли оч яшил рангли “марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, мазкур фуқаро томорқасида жами 11 туп бўйи 1,5 метр бўлган, наша гиёҳвандлик ўсимлигини ўстираётган экан. Ўтказилган тадбир давомида жами 550 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси ва 11 туп наша гиёҳвандлик ўсимлиги ашёвий далил тариқасида олинди.


ЎзА
4 791