ЎзА Ўзбек

01.06.2018 11:51 Чоп этиш версияси

Оғуфурушлар қонун олдида жавоб берди

Мамлакатимизда наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан гиёҳвандлик иллати тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус тадбир ва операциялар мунтазам ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан Миробод туманида олиб борилган профилактик тадбирлар давомида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган шахслар фош этилди.

Жорий йил 5 май куни ўтказилган тезкор профилактик тадбир давомида Миробод тумани Фарғона йўли кўчасида шубҳали шахс Я.Буркеев тўхтатилиб, тинтув қилинди. Унинг чўнтагида 1,23 грамм марихуана гиёҳванд моддаси солинган бир дона гугурт қутиси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинган.

Бектемир туманида ўтказилган тадбир давомида фуқаро В.Цай тўхтатилиб, холислар иштирокида тинтув қилинди. Унинг ёнида 2,71 грамм марихуана гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида сайёр суд мажлиси ўтказилди. Кенг жамоатчилик иштирокида айбланувчиларнинг қилмиши атрофлича кўриб чиқилди. Жиноятга жазо муқаррар. Суд мажлисида судланувчиларга қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди.

Тадбир давомида мутахассислар томонидан фуқаролар бу каби ҳолатларга жиддий муносабатда бўлиши, ўз вақтида тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши лозимлиги таъкидланди. Маҳалла фаоллари томонидан ёшларни бундай иллатлардан сақлаш, уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этишни таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
4 120