ЎзА Ўзбек

11.07.2018 09:32 Чоп этиш версияси

Оғу савдосида тўрт кимса қўлга тушди

Оғу савдосида тўрт кимса қўлга тушди
Сурхондарё вилояти Узун туманидаги Янгирўзғор маҳалласида яшовчи уй бекаси Х.Ҳаётова (исм-шарифлар ўзгартирилди) бир дона гугурт қутига жойлаштирилган соф вазни 1,70 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини 500 минг сўмга сотаётганида ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки суриштирув ишлари натижасида 36 ёшдаги бу аёл заҳри қотилни Денов қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ш.Лайлоевдан Денов туманидаги “Юбилейний” савдо маркази ёнида 500 минг сўмга сотиб олгани маълум бўлди. Ўн саккиз ёшдаги коллеж ўқувчисига ушбу гиёҳвандлик моддасини Денов туманидаги Тотувли маҳалласида яшовчи 25 ёшдаги Ф.Толмасов 225 минг сўмга пуллагани, у эса Денов туманидаги Н.Раҳимов кўчасида яшовчи 32 ёшдаги М.Каримовдан 100 минг сўмга сотиб олгани аниқланди. 

Айни пайтда қалтис ишга қўл урган бу кимсаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
6 388