ЎзА Ўзбек

26.08.2018 11:07 Чоп этиш версияси

Оғу етиштирувчилар қўлга тушди

Оғу етиштирувчилар қўлга тушди
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги "Жаматак" маҳалласида яшовчи Тўқсонбой Қориевнинг уйига ички ишлар идораси ходимлари келганида ранг-рўйи ўзгариб, ер "чизиб" қолди. Томорқани синчиклаб кўздан кечирган ҳуқуқ посбонлари бу хатти-ҳаракатнинг сабабини дарҳол аниқлади.

У томорқасида 8 туп наша гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётган экан. Заҳри қотил холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, йўқ қилинди. Таркибида тетрагидроканнабинол моддаси бўлган ўсимликни ноқонуний етиштиришни касб қилмоқчи бўлган 48 ёшдаги бу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

– Вилоятда ўтказилаётган “Қорадори-2018” тадбирининг иккинчи босқичида ҳам оз миқдорда бўлса-да, заҳри қотил парвариши билан боғлиқ ҳолатларга дуч келинаётгани ачинарлидир, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Бу жараёнда қонунга зид оғу етиштираётган шахсларга тегишли чора кўрилмоқда. Жумладан, Денов туманидаги А.Жомий маҳалласида яшовчи Икром Жўраев ҳам томорқасида икки туп наша гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганида қўлга тушди. Ўсимлик холислар иштирокида расмийлаштирилиб, И.Жўраевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Вилоятда мазкур тадбир давом этмоқда.

Х.Маматрайимов, ЎзА
4 371