ЎзА Ўзбек

02.04.2018 17:54 Чоп этиш версияси

"Оқтош"да тиббий хизмат сифати ошмоқда

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Оқтош” санаториясида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳомийлигида қурилган 60 ўринли янги даволаш биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шифокорлар иштирок этди.

Тадбирда тумандаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 20 нафар фуқарога мазкур муассасада саломатлигини тиклаши учун бепул йўлланма берилди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тасарруфидаги ушбу муассасада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида барча замонавий қулайликларга эга бўлган янги ётоқ бинолари ва оилавий коттежларда мижозларга қулай шароит яратилган.

Жорий йилда сиҳатгоҳда мусиқий фаввора ва бассейн барпо этилиб, ҳудуд ландшафтига янада кўрк берувчи ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Бундай ишлар туфайли муассасага нафақат юртдошларимиз, балки хорижликларнинг ҳам қизиқиши ортмоқда. Бу эса юртимизда тиббий туризм ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Янги бинодаги муолажа, даволаш ва ётоқ хоналари тиббий асбоб-ускуналар, замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди. Эндиликда сиҳатгоҳ бир вақтнинг ўзида 432 кишига хизмат кўрсатади. Бу қўшимча 12 янги иш ўрни яратиш имконини берди.

– Санаторияда ҳар йили 10 мингга яқин фуқаро ўз саломатлигини мустаҳкамлайди, – дейди “Оқтош” санаторияси директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари М.Мусаева. – Уларнинг мароқли даволаниши учун барча шароит яратилган. Дам олувчилар ташхис бўлимида ЭКГ, спирометрия, УТТ, клиник ва биокимё лабораторияси, тор мутахассислар кўригидан ўтади. Шундан сўнг уларга физиотерапия, лазеротерапия, ингаляция, игнабаргли ва тузли сунъий ванналар, уқалаш ва шу каби турли даволаш муолажалари тавсия этилади. Санаторияда асосий даволаш шифобахш иқлим билан бўлгани боис, эрта тонгда тоғ йўли бўйлаб пиёда кўтарилиш муолажаси ҳам киритилган. Дам олувчилар 1500 метрлик тепаликка кўтарилади. Бу усул даволанувчиларга ўзига хос ҳузур бахш этиб, тоғ чўққилари узра чиқаётган қуёшни қаршилаш, унинг нурлари, шифобахш тоғ ҳавосидан баҳра олиш имконини беради.

Энди ушбу масканда дам олувчиларга даволашнинг халқаро стандартларига мос янги усуллари, хусусан, ароматерапия усули орқали даволаш, нафас олиш аъзолари касалликлари билан хасталанган болаларни соғломлаштиришда ёзги мавсумда очиқ сув ҳавзасида жисмоний машғулотлар билан даволаш усуллари қўлланилади.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
7 789