ЎзА Ўзбек

23.01.2018 16:45 Чоп этиш версияси

Қоғознинг тили бўлса эди...

Таҳлил
– Нашрларда касбий маҳорат муаммо...ми?
– Тилимизга беписандлик бизни ташвишга солмоқда.
– Газетани бир киши томонидан тайёрланишини қандай баҳолаш мумкин?
– Қоғоз агар мақсадсиз, бемаъни сўзлар учун ишлатилса, увол эмасми?

Бундан 25-30 йил олдин республикада саноқли газета ва журналлар фаолият юритарди. Бугун босма оммавий ахборот воситалари сони мингдан ошди. Соҳада ихтисослаштирилган нашрларнинг вужудга келиши албатта қувонарли ҳол. Бугун биргина халқ таълими тизимида қарийб 70 та газета ва журнал мавжуд. Спортга, хусусан, тиббиётга оид ҳам нашрларимиз талайгина. Тўғри-да, “чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”. Масалан, “Қишлоқ ҳаёти” газетасига мос мақолаларни қурилиш ё солиқ соҳасидаги нашр муҳаррири қай даражада тайёрлаши мумкин? Шу нуқтаи назардан журналистиканинг ихтисослашувига сўнгги пайтларда катта эътибор қаратилаётгани айни муддао. Бу ижобий жараён шак-шубҳасиз матбуот, журналистика, ноширлик ривожига хизмат қилаётир.

Аммо “танганинг иккинчи томони” ҳам бор-да. Айрим ихтисослашган нашрларда таҳрир ва мақолаларни соф ўзбек тилида тайёрлаш борасида муаммолар мавжуд.

Шунингдек, соҳада нодавлат нашрлар қамрови кенгайиб бораётгани ҳам мамлакатда демократик тамойилларнинг тантана қилишида муҳим омил ҳисобланади. Лекин айрим “тадбиркор”лар газета, журнал, китоб чиқариб, соҳани бизнесга айлантираётганликлари ҳам бор гап. Бу масала бўйича Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган тарихий учрашувида жиддий фикрлар билдирганди.

Бир пайтлар санъат “юлдузлари”нинг оилавий жанжали, ажралишлари тўғрисидаги миш-мишли мақолалар бу газеталар бозорини чаққон қиларди. Хайриятки, сўнги вақтларда бундай “чаққон” газеталардан ўқувчиларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, уларнинг бозори касодга учради. Аммо бу нашрларда касбий маҳорат (профессионализм) муаммолигича қолмоқда. Акс ҳолда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ўз ваколати доирасида чиқарган тақдимномаларининг сони тобора кўпайиб кетмасди. Ўтган йилнинг ўзида бундай тақдимномалар сони қарийб 150 тага етди. Афсуски барча таҳририятлар ҳам бундан ижобий хулоса чиқаргани йўқ. Айрим нашрлар таъсис ҳужжатларида (масалан, Низомда) “маънавият ва маърифат, ёшлар тарбиясига ҳисса қўшмоқчимиз” мазмунидаги чиройли ваъдалар беришади. Лекин амалда акс ҳолатни кузатяпмиз.

Айниқса, муқаддас она тилимизга беписандлик бизни ташвишга солмоқда. Ҳеч бир замонда газета ва журналларда бугунги кун даражасидаги имловий хатолар, мантиқсиз сўзлар қўлланилмаган десак, асло муболаға бўлмайди. Қуйидаги жумлага эътибор беринг: “Фильмларда салбий ролларни ижро этиб халқнинг меҳрини қозонган актёр Жавоҳир Зокиров...” (“Воҳа” газетаси, 18 январь). Қани мантиқ? Ж.Зокиров айнан салбий ролларни ижро этгани учун эмас, балки ролларни юксак маҳорат билан талқин этгани боис шуҳрат қозонган бўлса керак?! 

Газеталардаги хатолар ҳақида бундан олдинги мақолаларимизда ҳам мулоҳаза юритгандик, хусусан “Ноёб дунё” газетаси хусусида. Газета муассисларига тақдимнома чиқарганимиз билан ҳаличага таҳририят манзили Қорасув – “Корасув”, нашрга масъул эса “маъсул”лигича қолган. 8 бетдан иборат газета интернетдаги маълумотлар асосида бир киши (Н.Икрамов) томонидан тайёрланган. Ўзбек олимларининг ихтиролари ҳақида бирорта ҳам мақола берилмаган (27 ноябрь сони мисолида). Ёки Бухорода чоп этилаётган “Маънавият сарчашмаси” газетасининг 2017 йил 14 декабрь сони имловий-мантиқий хатолар бўйича газеталар орасида ўзига хос рекорд ўрнатди. Қандай қилиб бу нашр маънавият сарчашмаси бўлиши мумкин, агар саводсизликка хизмат қилаётган бўлса... Газета мутасаддилари яна бир жойда уни “вилоятимиздаги ягона иқтисодий нашр”, бошқа жойда “маданий-маърифий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий газета” деб таништирмоқда. Бу “ягона нашр”нинг адади бор-йўғи 280 нусхани ташкил қилган. Бир саҳифаси тўлиқ теледастурдан иборат. “Тўғридан тўғри” кўрсатуви “ТўҚридан—тўҚри”, “Ҳаловат кўчаси” –“Ўаловат кўчаси”, “Ҳидоят сари”—“Ўидоят сари”, “Менинг боғим” эса “Менинг боҚим” шаклида берилган. Ёки “Одобнома ойлиги” “Одобгома ойлиги” деб чоп этилган. XXI асрдаги газетада ҳеч қандай дизайн, матбаа сифати йўқ. “Олтин аср” журналининг ташкил бўлгандан бери бори-йўғи 5 та сони нашрдан чиқди. Ва ҳар бир сони юздан ортиқ жиддий хатолар билан! “Фаровон юрт” нашри ҳам ўтган йилдаги сонлари билан бу борада етакчилик қилди. Бу ҳам етмаганидек, газетанинг ўтган йилги бир неча сонларида бериб келинаётган Эркин Эрмат қаламига мансуб “Суиқасд” қиссасида миллатимизнинг одоб-ахлоқ меъёрларига зид, ёшлар тарбиясига салбий таъсир ўтказувчи шаҳвоний ҳолатлар тасвирланган. “Зулфияхоним” номли нашрда эса деярли Зулфияхоним издошларини кўрмаймиз. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Қоғоз юртимизга миллион-миллион хорижий валюта эвазига четдан олиб келинади. Қоғоз ҳам ахир бебаҳо неъматдир. Қоғоз агар мақсадсиз, бемаъни сўзлар учун ишлатилса, увол эмасми? Қани энди бечора қоғоз ҳам тилга кирганда эди...

Шоқаҳҳор Салимов,
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги етакчи мутахассиси

* * *

portret.jpgМуаллиф ҳақида: Шоқаҳҳор Салимов 1958 йил туғилган. 1992-2006 йилларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида радиоэшиттиришлар бўлими мудири, бош муҳаррир, бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2017 йилдан буён Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг ахборот-таҳлил гуруҳида ишлаб келмоқда.

ЎзА
15 193