Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 10:13 Чоп этиш версияси

Оқибатсизлик оқибати

Оқибатсизлик оқибати Халқимиз юксак даражада қадрлайдиган гўзал бир туйғу борки, унинг номи – МЕҲР-ОҚИБАТ. У бор жойда оила файзли, у бор жойда маҳалла обод, мамлакат тинч ва барқарор.

Шунинг учун миллатимизга хос бу фазилат бугун қадрият даражасига кўтарилиб, унинг кучи ва имкониятидан кенг фойдаланишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ҳар биримиз истиқомат қиладиган, Ватан ичра кичик ватан бўлган маҳаллаларга оид ислоҳотларда одамлар орасида меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш вазифаси қўйилмоқда.

Зотан, қаерда шу қадрият унутилган бўлса, ўша ерда нохушликлар, ҳатто бир-бирининг жонига қасд қилишдек мудҳиш жиноятлар содир этилмоқда.

...Оилада кетма-кет бир қиз ва бир ўғил фарзандлар дунёга келди. Бундай бахти тўкисликдан мамнун ота-она уларни боқиш, катта қилиш кўйида тиним билмай меҳнат қиларди. Четдан қараганда ҳаммаси рисоладагидек эди. Лекин опа ва уканинг катта бўлган сари бир-бири билан чиқишмай қолиши, тез-тез жанжаллашиб туришини ота-она болалик шўхлигига йўйишар, буни бартараф этиш, уларни бир-бирига меҳрли, оқибатли қилиб тарбиялаш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмасди.

Юлия ва Сергей улғайгач уларда бир-бирини ёмон кўриш кучайса кучайдики, асло камаймади. Опа-укада катталашиб бораётган адоватнинг оқибатидан қўрққан ота-она кейинчалик улардаги нафратни жиловлашга уриниб кўрди. Бироқ энди кеч эди.

Вақти-соати етиб, аввал ота, кейин она вафот этди. Бир дарёнинг икки қирғоғига айланиб бўлган, лекин бир уйда истиқомат қилишга мажбур бўлган икки жоннинг бир-бирига тоқат қилиши қийинлашиб борарди.

Ҳаёт ўз йўлида давом этар, лекин бу хонадондан эшитилаётган шовқин, ўзаро уруш-жанжалга ҳеч ким парво қилмасди. На қўни-қўшни, на маҳалла газак олган бу масалага эътибор қаратмади. «Икки жигар урушса, менга нима», «Биров билан нима ишим бор?» каби ниқобларни кийган лоқайдлик бунда ҳукмрон эди.

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, уканинг опага кўтарилган қўллари бу сафар уни маҳв этмасдан қўймади. Сергей Бондарев опасининг дуч келган жойига уриб, кейин унинг бўйнидан бўға бошлади. Опанинг кўзларидан оқаётган ёш, илтижолари уканинг тош бағрини юмшатай демас, аксинча ундан қутулишга бўлган истаги устунлик қилди... Аммо у бу лаҳзаларда дунёда шу жигаридан бошқа яқин одами йўқлиги ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмади...

Профилактика куни муносабати билан мазкур жиноят иши опа-ука яшаган Яшнобод тумани Яшнобод маҳалласида муҳокама этилди.

– Бондаревлар оиласи тинч эди, – дейди маҳалла раиси О.Жовлиева. – Қўшнилардан улар ҳақида ҳеч қандай шикоят тушмаган.

Ҳа, бу оилага аслида ҳеч ким кириб бормаган. Ундаги шарт-шароит ва муҳитдан мутасаддилар бехабар бўлган.

Бошқа ҳудудларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчиликнинг уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиши натижасида жорий йилнинг 10 ойида 22 минг 370 оиланинг нотинчлигига барҳам берилган.

Бундай хайрли иш Бондаревлар хонадонига ҳам етиб келганида эди, бу ердаги келишмовчиликнинг ечими топилар, 28 ёшли аёл жувонмарг бўлиб кетмасди.

Муҳокама давомида маҳаллада маънавий-маърифий ишлар олиб борилиши, ҳуқуқбузарлик ва салбий иллатларнинг олдини олишга эътибор қаратилаётгани тилга олинди. Лекин бундай чора-тадбирларнинг асл самараси жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барҳам топишида кўринади. Демак, иш юритишда, тарғиботда бўшлиққа йўл қўйилганки, бу ерда мудҳишлик рўй берди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, содир этилаётган қотилликлар оддийгина маиший келишмовчиликлар оқибатида келиб чиқмоқда. Бундай ҳаракат инсонийликка, менталитетимизга аслида бутунлай ёт-ку?!

Жиноят кодексининг 97-моддага кўра, қасддан одам ўлдириш ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш эса ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.

Бу йиллар айтишга осон, бироқ инсон умрининг шунча вақт қора панжара ортида ўтишини ўйлашнинг ўзи қўрқинчли. Оддийгина меҳр етишмаслиги, оддийгина "опажон, хўп", дея олмаслик 22 ёшли йигит умрини ҳам хазон қилди. Оддий қилиб айтганада, оқибатсизликнинг оқибати шу бўлди.

Мазкур жиноят муҳокамаси якунида туман ва маҳаллалар мутасаддилари бундан буён оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни атрофлича ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида ҳал этиш чора-тадбирларини янада кучайтириш зарурлигига эътибор қаратди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, бу жараёнда сектор раҳбари, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда жамоатчилик масъулиятини оширишга зарурият мавжуд.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 357






Все о погоде - Pogoda.uz