ЎзА Ўзбек

25.08.2018 11:37 Чоп этиш версияси

Оқдарё туманида 77 нафар фуқаро давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган

Оқдарё туманида 77 нафар фуқаро давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган
Президентимизнинг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида давлат солиқ хизмати органлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўладиган кўздан кечириш далолатномасини тузиш орқали солиқ тўловчиларнинг паспортлаштирилишини амалга ошириш вазифаси белгилаб қўйилган.

Яъни, давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик фаолияти амалга оширилаётган объектларда ўтказиладиган кузатув жараёнида солиқ тўловчининг реквизитлари, объект номи ва манзили, фаолият тури, иш вақти тартиби, рухсат гувоҳномаси, назорат-касса машинаси ва тўлов терминаллари, инкассация шартномаси, ишчилар сони кўздан кечириш орқали паспортлаштирилади. Ушбу тадбирнинг тўлақонли амалга оширилиши солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг тўлиқ ҳисобга олинишига, солиқ солиш базасининг кенгайишига ҳамда солиқларнинг тўғри ва тўлиқ ҳисобланишига, шунингдек, уларнинг ўз вақтида ва тўла ҳажмда бюджетга ундирилишига замин яратади.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан Оқдарё туманидаги 34 маҳалла фуқаролар йиғинида паспортлаштириш жараёни амалга оширилди. Бунинг натижасида туманда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган 2130 объект бўйича маълумотлар йиғилди.

Жумладан, 133 савдо корхонаси, 17 автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси, 33 умумий овқатланиш корхонаси (ошхоналар), 65 хизмат кўрсатиш, 61 ишлаб чиқариш, 18 қурилиш, 23 тиббий хизмат кўрсатиш корхоналари, 2 бозор ва савдо комплекси, 1 автомобилларни вақтинча сақлаш жойи, 748 фермер хўжалиги, 13 бошқа фаолият билан шуғулланаётган юридик шахслар, 939 нафар якка тартибдаги тадбиркор ва 77 нафар ҳужжатсиз (тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган) фаолият кўрсатаётган фуқаро паспортлаштиришдан ўтказилди.

Паспортлаштирилган хўжалик юритувчи субъектлар ҳақидаги маълумотлар туман давлат солиқ инспекцияси маълумотлар базаси билан солиштирилганда айрим тафовутлар ҳам кузатилди. Дастлабки таҳлил натижаларига кўра, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тақдим этилган ҳисоботдаги ишчилар сонига нисбатан кузатув натижасида аниқланган ишчилар сони 225 нафарга кўп эканлиги қайд этилди. Жумладан, савдо корхоналарида 14, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 5, умумий овқатланиш корхоналари (ошхоналар)да 18, хизмат кўрсатиш корхоналарида 7, ишлаб чиқариш корхоналарида 3, қурилиш корхоналарида 3, тиббий хизмат кўрсатиш корхоналарида 7, фермер хўжаликларида 166, бошқа фаолият билан шуғулланаётган юридик шахсларда 2 нафар ходим рўйхатда кўрсатилмаган.

Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 77 нафар фуқарога расмий огоҳлантириш хатлари берилгач, 53 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. 22 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолият тури ҳақиқатдаги фаолият турига мослаштирилди ва фаолиятини тугатган 30 нафар тадбиркорнинг фаолияти тикланди. Якка тартибдаги тадбиркорлар ёлланма ишчи сифатида ишлатаётган 20 нафар фуқаро рўйхатга олинди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
3 677