ЎзА Ўзбек

01.03.2019 16:23 Чоп этиш версияси

Оқ черкез – фойдали ва чўл шароитига чидамли ўсимлик

Оқ черкез – фойдали ва чўл шароитига чидамли ўсимлик

Оролнинг қуриган майдонида олиб борилаётган ишлар, хусусан, саксовул экиш борасидаги ҳаракатлар нафақат юртимиз, балки жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортмоқда. Ҳудудда яшил қоплама яратиш юмушларига мамлакатимиздаги ҳар бир давлат ва жамоат ташкилоти ўз улушини қўшиш истагини билдираётгани диққатга сазовор.

Қайсидир вазирлик ва ташкилот вакиллари экиш ишларида фаол қатнашаётган бўлса, яна қайсидир ташкилот ҳашарчиларга ўз ихтиёри билан озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатаётир.

Нукус давлат педагогика институти доцентлари Абдураҳмон Сапаров ва Муратбай Балтабаев ҳам бу борада ўз таклифларини билдирди. Яъни, Орол денгизининг қуриган майдонига саксовул билан бирга оқ черкез ўсимлигини ҳам экишни тавсия қилишмоқда. Улар саҳрода ўсадиган асосий фитоселиорант черкез ўсимлигидан ўрмонзор барпо қилиш келгусида чорвачилик учун ҳам, экология учун ҳам фойда бўлишини таъкидлашмоқда.

photo5433887684419496693.jpg

– Оролнинг қуриган майдонида бошланган амалий ҳаракат кўпчилик қатори биз, биологларни ҳам беҳад қувонтирди, – дейди Нукус давлат педагогика институти Ботаника, экология ва уни ўқитиш методикаси кафедраси доценти М.Балтабаев. – Ҳозир бу ерда 500 минг гектар майдонга экилаётган саксовул келажакда ҳудудда чорвачилик ривожланишига, биохилма-хиллик ортишига ишонч уйғотмоқда. Саксовул ўрмонзорлари барпо этилаётгани энг тўғри қарор. Албатта, иш осон кечаётгани йўқ, саксовул уруғини етказиб бериш ҳам енгил юмуш эмас. Бизда ушбу майдонларга саксовул билан бирга чўл шароитига чидамли ўсимлик – оқ черкез ҳам экиш яхши натижа беради, деган фикр туғилди.

Дарҳақиқат, Қорақалпоғистон флорасида черкезнинг икки – оқ ва қора тури мавжуд. Черкез асосан Қизилқум ва Устюртда кенг тарқалган. Оқ черкезнинг бўйи 3 метргача етади. Йирик бутоқли ўсимлик. У Қорақалпоғистоннинг барча қумли чўл ҳудудларида ўсади.

photo5436247683049302483.jpg

Оқ черкез, шунингдек, қимматли омухта ем ҳамдир. Уни чорва, хусусан, туя ва қўй-эчки йил давомида иштаҳа билан ейди. Унинг кузги уруғи эса ёғли ўт-ем бўлиб хизмат қилади.

– Черкезнинг дориворлик хусусияти ҳам бор, – дейди биология фанлари номзоди, доцент А.Сапаров. – Унинг меваси ва шохларида қон босими ва оғир асаб касалликларини даволашда қўлланиладиган алькалоидлар – салсолидин ва сальсолин мавжуд. Бу ўсимликдан тиббиёт соҳасида ҳам кенг фойдаланса бўлади. Албатта, олимлар ушбу ўсимликни ўрганишга катта эътибор қаратмоқда. Шунга қарамасдан, Қизилқум шароитининг экологик таъсирини ҳисобга олган ҳолда, черкезнинг ўсиши ва ривожланиши етарли даражада ўрганилмаган. Черкез қумни мустаҳкамлашда асосий ўсимликлардан бири. Сабаби, у тузли тупроққа ва чўлга чидамли, томири кучли ривожланиш хусусиятига эга. Қўшимча томирлар пайдо қила олади. Асосийси, кўп сув талаб қилмайди. Ўзида органик модда пайдо қилиб, узоқ вақт сақлайди. Унда протеин жуда кўп миқдорда бўлиб, куз-қиш мавсумида унумдор озуқабоп ўсимлик сифатида хизмат қилиши мумкин.

photo5436247683049302484.jpg

Черкез июль ойида гулга киради, меваси сентябрь ойида пишади, октябрь-ноябрь ойларида уруғи терилади. Баргининг узунлиги 3 сантиметргача бўлиб, март-апрель ойларида куртак отиб ривожланади. Уни кўчатдан кўпайтирганда биринчи йилнинг ўзидаёқ яхши кўкаради.

Табиий яйловларда оқ черкез кам учрайди ва унда ўртача ҳосил гектарига 4-5 центнерни ташкил қилади, холос. Лекин маданий шароитда ҳосилдорлиги биринчи йилдаёқ гектарига 14 центнергача етади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, унинг уруғи қанча кўп сақланса, унумдорлиги шунча пасайиб боради. Уруғнинг фақат 4-5 ой сақланганини экиш мақсадга мувофиқ.

Есимхон Қаноатов, ЎзА​​
1 955