ЎзА Ўзбек

17.07.2020 Чоп этиш версияси

Оҳангарон шаҳрида коронавирусга қарши қандай чоралар кўрилмоқда?

Оҳангарон шаҳрида коронавирусга қарши қандай чоралар кўрилмоқда?

Коронавирус пандемиясига қарши курашда Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 16 июль куни махсус штаб ва сектор раҳбарлари бошчилигида инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида зарур чоралар кўрилди. Хусусан, Оҳангарон тез тиббий ёрдам биносида 103 қисқа рақамига қўшимча 10 та телефон ўрнатилиб, тиббиёт ходимларининг доимий фаолият юритиши таъминланди.

Юқумли касалликлар шифохонасида 40 та, шаҳардаги “HOSTEL” меҳмонхонасидаги бўш турган 100 та хонанинг барчаси мослаштирилиб, жами 140 та захира ўринлари яратилди.

Шунингдек, Тошкент вилояти «Дори-дармон» МЧЖ Оҳангарон филиали билан ҳамкорликда Оҳангарон тиббиёт бирлашмаси ички дорихонасида 50 млн. сўмлик 6 турдаги дори-дармон захираси яратилди.

Бугунги кунда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳам муҳим саналади. Ҳудуддаги деҳқон бозори томонидан озиқ-овқат захираси учун 1000 тонна 5 турдаги полиз экинлари (картошка, пиёз, сабзи, булғори қалампир, лавлаги)га шартнома тузилди. Шунингдек, «Комфорт фурнитура» МЧЖнинг совуткичида озиқ-овқат захираларини сақлаш учун махсус жой тайёрланди.

Оҳангарон шаҳар санитария эпидемиология давлат инспекцияси томонидан жами 15 та савдо дўконлари ва тадбиркорларга карантин тартиб-қоидаларига амал қилмасдан фаолият юритаётганликлари учун огоҳлантириш хатлари берилди. «Қўрғон» МФЙ ҳудудида 2 та савдо дўкони эса камчиликларни бартараф этмагунга қадар вақтинчалик ёпилди.

7 118
ЎзА