ЎзА Ўзбек

27.07.2018 11:51 Чоп этиш версияси

Оға-ини тадбиркорлар

Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижросига Сирдарё вилоятида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқимизда “Оға-ини бирлашса тоғни талқон қилади” деган нақл бор. Сайхунободлик марҳум қурувчи-муҳандис Анармат Ниёзов фарзандларига бирдамликда ҳамфикр бўлиб ишлаш, бир-бирига ҳамиша елкадош бўлиш ютуққа эришишнинг бош омили эканини уқтирди. Ўғиллар ҳам меҳр-оқибатли, касб-корини қадрлайдиган инсонлар бўлиб улғайди. Афсуски, уларнинг камолини кўриш Анармат акага насиб этмади.

"От изини той босар", деганларидек Анармат аканинг 5 ўғли – Улуғбек, Шуҳрат, Ойбек, Шерзод ва Беҳзод ота изидан борди. Биргалашиб 1996 йилда “Улуғбек” кичик корхонасига асос солишди. Дастлаб, шлакаблок ғиштлари ишлаб чиқарилди. Ўз устида тинимсиз ишлаган тадбиркорлар бугунга келиб бир қатор қурилиш материаллари, жумладан, эшик-ром ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйди. Олинган даромад ва банк кредити эвазига корхона негизида аҳолига юк автомобилларида хизмат кўрсатадиган кичик автобаза ҳам фаолият бошлади.

2011 йили ака-укаларнинг кичик корхонаси бунёдкорлари томонидан Сайхунобод тумани Пахтакон ва Турон маҳалаларида 3 та умумтаълим мактаби биноси тубдан қайта реконструкция қилинди, 2 та коллеж биноси барпо этилди.

"Қўли очиқнинг – йўли очиқ", дейишади. “Улуғбек” оилавий корхонаси Сайхун шаҳарчаси ёшлари учун Анармат Ниёзов номидаги спорт-соғломлаштириш мажмуасини ўз маблағлари ҳисобидан қуриб битказди. Мажмуа 22,5 миллион сўмлик спорт анжомлари билан жиҳозланди. Айни пайтда бу ерда 400 га яқин сайхунободлик ёшлар спортнинг кураш, дзюдо, бокс, баскетбол, волейбол, бадиий гимнастика турлари билан замонавий шароитларда шуғулланмоқда.

Ниёзовларнинг ўртанчиси Ойбек 2013 йилда Гулистон шаҳар 3-мавзеда “Сайхун бунёдкор қурилиш” хусусий корхонаси ташкил этиб, замонавий МДФ эшиклари ишлаб чиқариш цехини ишга туширди. Шу мақсадда “Микрокредитбанк”нинг вилоят филиалидан 39 миллион сўм кредит олиб, хориждан замонавий жиҳозлар келтириб ўрнатди.

Дастлабки йили эшик тайёрлаш бўйича тажриба тўпланди, харидорлар талаби ўрганилди. Натижада корхона буюртмачилари сони ортди. 2016 йилда “Микрокредитбанк” вилоят филиалидан олинган 150 миллион сўмлик кредит эвазига яна 3 та замонавий ускуна келтирилди.

Ҳар жиҳатдан мустаҳкам ва замонавий эшикларининг харидори ҳам кундан-кун кўпайиб бораётир. Айни пайтда цехда ойига 55-60 тадан МДФ эшиклари тайёрланиб, буюртмачиларга етказиб берилмоқда.

– Цех фаолиятини янада кенгайтириб, замонавий мебеллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз, – дейди “Сайхун бунёдкор қурувчи” хусусий корхонаси раҳбари Ойбек Ниёзов. – Лекин ишимиз бироз суст боряпти. Сабаби, доимий ҳамкоримиз бўлган “Микрокредитбанк” вилоят филиали 350 миллион сўмлик кредит маблағини беришни орқага суряпти. Оқибатда бу борада бошлаган хайрли ишимиз бироз чўзиляпти. Ваҳоланки, мебель цехимиз ишга тушиши билан яна 6 иш ўрни очилади. Бу масала тез орада ижобий ечим топишига умид қиламиз.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 630