ЎзА Ўзбек

14.07.2015 16:29:28 Чоп этиш версияси

Нуронийлар саломатлиги – доимий эътиборда

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида Жиззах вилоятида уруш ва меҳнат фронти фахрийларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Биз кексаларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз, – дейди Ғаллаорол тумани Ғафур Ғулом номидаги маҳаллада яшовчи 87 ёшли Норбой ота Нарзуллаев. – Шифокорлар кўрикдан ўтказиб, даволанишимни тавсия қилишди. Шундай қилдим. Ҳозир соғлиғим яхши. Барака топишсин, уйга келиб хабар олиб туришибди.

Норбой ота истиқомат қилаётган маҳалладаги 239 кексанинг барчаси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидан ушбу маҳаллага бириктирилган шифокор Нодира Маҳмудова ҳар бир қариянинг саломатлигидан тортиб, айни пайтда қаерда даволанаётганию, қандай шифо топаётганигача назорат қилиб боради.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида нуронийлар саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган тадбирларнинг бекаму кўст бажарилаётганини поликлиника остонасидаёқ сезиш мумкин. Муассасага келаётган қарияларнинг шифокорлар қабулига навбатсиз кириб чиқиши йўлга қўйилган. Шу боис чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг самараси юқори бўлаётир.

Муассаса томонидан йилнинг ўтган даврида 5 минг 140 кекса чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Келиш имконияти бўлмаган 1 минг 222 нуронийнинг уйида кўрик ташкил этилди. Тиббий кўрик давомида кексаларнинг 815 нафари амбулатория, 205 нафари стационар шароитда, 44 нафари вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, 72 нафари санатория-курортларда даволанишга тавсия қилинди.

Бу жараёнда уруш ва меҳнат фронти фахрийларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 14 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 417 меҳнат фронти фахрийсининг саломатлигини назорат қилиб бориш учун махсус шифокор ва ҳамширалар бириктирилган.

«Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!» шиори остидаги тиббий кўрикка барча нуронийлар қамраб олинди. Маҳаллаларга бириктирилган ҳамширалар томонидан кўрикка келиш вақти ва жойи тўғрисида олдиндан хабар берилгани туфайли кексаларнинг барчаси шифокорлар қабулида бўлиши таъминланди.

– Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш сифати ва самарадорлигини яхшилашга хизмат қилмоқда, – дейди туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Ёдгор Ёқубов. – “Саломатлик-3” лойиҳаси ижроси доирасида поликлиникамизга 27 миллион сўмлик кўз касалликлари диагностикаси ва даволаш аппаратлари келтирилди. Айни пайтда поликлиникада 2 миллиард 471 миллион сўмлик реконструкция ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Бундай эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлаётган кексаларимиз юртимиз ҳамиша тинч-осойишта бўлиши, халқимиз фаровонлиги янада юксалишини сўраб дуо қилмоқдалар.

– Етказганига шукр. Кексаликда бундай хотиржам, фаровон кунларни орзу қилиб ўтаётган одамлар камми бу дунёда? Жаҳоннинг ҳали у, ҳали бу ерида содир этилаётган тўполонларни кўриб, Ўзбекистондай жаннатмонанд юртда яшаш насиб этганига шукроналар келтирамиз, – дейди Самарқанд маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Омон ота Шойзоқов. – Шундай муборак кунларда қилинган дуо ижобат бўлади, дейишади. Илоҳо, тинчлик-осойишталик юртимизни ҳеч қачон тарк этмасин, турмушимиз бунданда фаровон бўлаверсин. Халқимизнинг бахти барқарор бўлсин.