ЎзА Ўзбек

20.07.2018 12:21 Чоп этиш версияси

Нуронийлар муқаддас масканларни зиёрат қилди

Нуронийлар муқаддас масканларни зиёрат қилди
Жиззах вилояти ҳокимлиги кўмагида 100 нафар нуроний Самарқанд вилоятига саёҳат қилди. 

Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан вилоятда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури ишлаб чиқилди. “Ҳаж – 2018” сафарига ҳозирлик кўраётганларнинг Самарқанд вилоятидаги зиёратгоҳларга сафари ҳам ушбу дастур доирасида амалга оширилди. 

Нуронийларнинг Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси ва вилоятдаги бошқа муқаддас қадамжоларга зиёрати таассуротларга бой бўлди. 

17.JPG

– Юртимиздаги муқаддас қадамжолар, диний ва дунёвий илм ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломаларимизни билиш ҳар биримизнинг бурчимиз, – дейди меҳнат фахрийси Нормурод Каримов. – Айниқса, муқаддас ҳаж зиёратини ният қилган юртдошларимиз учун бу жуда муҳим, деб ўйлайман. Қадамжоларда амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш-ободонлаштириш ишларини кўриб, кўнглингда мамнунлик туясан, шундай юртда яшаётганингдан ғурурланиб кетасан. Фақат ҳаж сафарини ният қилганлар эмас, барча юртдошларимиз учун бундай саёҳатларнинг аҳамияти катта. 

Бугун вилоятда туризм ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, ички ва халқаро сайёҳлик бозорларига хизматлар таклиф этиш, ҳудуддаги сайёҳлик объектларини реконструкция қилиш ва ободонлаштириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтаришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда аҳолининг турли тоифаларини Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларга саёҳатга олиб боришга эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда халқимиз тарихини ўзида мужассам этган музейлар, қадимий обида ва ёдгорликлар, баҳаво ва хушманзара дам олиш масканлари, муқаддас зиёратгоҳлардан иборат 100 дан зиёд сайёҳлик объекти мавжуд. Ушбу масканлар бўйича ҳам туристик йўналишлар ишлаб чиқилган.

Т.Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
6 200