ЎзА Ўзбек

16.08.2018 16:37 Чоп этиш версияси

Нуронийлар – ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси

Нуронийлар – ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги олдидан

Мамлакатимизда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва турмуш тарзини янада яхшилаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, ёши улуғ нуронийларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш масаласи мунтазам равишда давлатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Юртимизда нуроний отахон ва онахонларимизнинг қадр-қиммати ва шаънини улуғлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Зеро, кексаларга бўлган юксак ҳурмат халқимизга хос инсоний фазилатларнинг энг ёрқин намуналаридан биридир.

Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини ошириш мақсадида имзоланган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ушбу хайрли ишларнинг ёрқин мисоли. Мазкур фармонга кўра, маданият ва истироҳат боғларида замонавий кўриниш касб этган, шинам, бир биридан гўзал “Нуронийлар маскани” барпо этилиб, меҳри дарё кексаларимизга топширилмоқда. Шунингдек, юртимизда ташкил этилаётган ҳар бир байрамда нуронийларнинг мазмунли маданий ҳордиқ олишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

e22066a5-cb23-42c5-9298-d8a2375aefc3.jpg

Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистонимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда демократик янгиланиш жараёнлари амалга оширилаётган бугунги кунда биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бугунги дориламон кунларга эса катта авлод вакилларининг ҳиссаси катта. 

ec3eeb11-7e19-4b3b-8e38-bd0eac4180bd.jpg

Шу кунларда Республика бўйлаб Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги олдидан “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган байрам тадбирларида кексаларимиз, фахрийларимизга миннатдорлик туйғулари мужассамдир. Яқинда ана шундай тадбирларнинг бири Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси ҳамда Ўзбек миллий академик драма театри ҳамкорлигида ташкил этилди. 

c67721da-6993-4435-90bb-8dd2abdcf5a8.jpg

“Шукрона” деб, номланган концерт дастурида нуронийлар, фахрийлар, маҳалла фаоллари таклиф этилди. Концерт дастурида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Икромжон Бўронов, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев, Ўзбекистон халқ ҳофизлари Бекназар Дўстмуродов, Набижон Иброҳимов, Сойиб Ниёзов, Эркин Рўзматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Юнус Тўраев, Илҳом Жўраев, Санобар Раҳмонова, Аҳмаджон Дадаев, Козим Қаюмов, Бахтиёр Тўлаганов каби элимиз ардоғидаги санъаткорлар иштирок этди. 

Шуҳрат Нормуродов,
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги 
Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил 
этиш илмий-методик маркази катта илмий ходими 

ЎзА
5 556