Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.04.2017 13:14 Чоп этиш версияси

Нуронийлар эъзозланаётган юрт обод бўлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Сурхондарё вилоятида 110 дан ортиқ Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, 4 минг 880 га яқин меҳнат фронти фахрийсининг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамкорлигида Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш, ўз уй-жойига эга бўлмаганларга турар жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижросига киришилди.

– Бугунги тинч-осойишта ва фаровон кунлар учун урушда жасорат кўрсатган, фидокорона меҳнат қилган инсонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани уларнинг кўнглини тоғдек кўтариб, ёшига ёш қўшмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Сурхондарё вилояти бўлими раиси ўринбосари П.Жўраев. – Айни пайтда вилоятда 100 ёшдан ошган юз нафардан ортиқ отахону онахон фаровон ҳаёт кечираётгани ҳам бунинг исботидир. Фармонда белгиланган 2 миллион сўм ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан ажратилаётган пул мукофотларини топшириш, уй-жойларини таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини май ойига қадар якунлаш чоралари кўрилмоқда. Кекса авлод вакилларининг саломатлигини мустаҳкамлаш, турмуш шароитини янада яхшилаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда тузилган ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир уруш қатнашчисининг хонадонида бўлиб, уларнинг турмуш шароити билан танишмоқда, эҳтиёжларини ўрганмоқда. Ҳаж сафари ва автомобиль харид қилиш учун сертификатлар ҳақида тушунча берилмоқда. 2 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисини замонавий уй-жой билан таъминлаш, 20 нуронийнинг уйини мукаммал таъмирлаш белгилаб олинди. 10 уруш қатнашчиси мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий енгил автомобилдан харид қилиш, уч нафари муқаддас ҳаж сафарига бориш истагини билдирди. 29 нафарини эшитиш мосламаси, 26 нафарини ногиронлик аравачаси билан таъминлаш учун буюртма берилди.

Бу йил Хотира ва қадрлаш куни “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида ўтказилмоқда. Шунга мувофиқ, вилоятда уруш ва меҳнат фронти фахрийлари билан ташкил этиладиган учрашувлар, давра суҳбатлари, турли маданий-маърифий ва бошқа тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрилди.

– Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун жон фидо қилган инсонлар хотирасини ёд этиш, ҳаёт бўлганларининг қадрига етиш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос юксак фазилатдир,– дейди Республика Маънавият тарғибот маркази Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Фирдавс Шарипов.– Уларнинг машаққатли ва айни пайтда шарафли ҳаёт йўли билан танишиш ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Байрамолди тадбирларида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маънавий-маърифий тадбирларга мудофаа тизими, ички ишлар органлари, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари кенг жалб этилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизга содиқ авлодни камол топтиришга хизмат қилади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 006






Все о погоде - Pogoda.uz