ЎзА Ўзбек

27.07.2018 18:29 Чоп этиш версияси

Нураб бораётган маданият

Нураб бораётган маданият Ўтган асрнинг 70-йиллари бошида қурилган ушбу бино – Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Алишер Навоий номидаги собиқ колхоз маркази Тўпалос қишлоғидаги энг сўлим маскан эди бир пайтлар.

Аслини олганда, яқин-яқингача ҳам шундай эди. 90-йиллар охирига бориб колхоз тугатилгач, бино эгасиз қолди. Атрофидаги гулу гулзорларга бурканган ерлар уй-жой сифатида аҳолига бериб юборилди. 30-40 йиллик арчалар, чинорлар кесилди...

70-80-йилларда “Миллионер колхоз” дейишарди Алишер Навоий номидаги ширкат хўжалигини. Ўзига хос меъморий комплекс талай маданий-маърифий масканларни – республикага машҳур “Гулдиёр” ашула ва рақс ансмбили, колхоз марказий кутубхонаси, тарих музейи ва муҳташам зални ўз ичига олган эди. 

photo5393553427499428281.jpg

Ним қоронғу зали, қалин бахмал пардлари билан сирли кўринган бу саҳнада Ўзбекистон Халқ артистлари Ортиқ Отажонов, Насиба Абдуллаева, “Шодлик” ашула ва рақс ансамбли ва яна мен билмайдиган бошқа кўплаб санъаткорлар концертлар беришган.

Айни пайтда собиқ хўжалик ўрнида тўртта маҳалла фуқоролар йиғини ташкил этилган. Ҳуддудда бирорта ҳам маданий-маърифий иншоот йўқ. Аҳоли, айниқса, ёшлар ҳордиқ чиқарадиган жойлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бир пайтлари деярли ҳар бир қишлоқда кутубхона бўларди. Бирида йўқ китобни иккинчисидан топиш мумкин эди.

photo5393553427499428282.jpg

Барча жойда бўлгани каби бу ерда ҳам ишсизлик энг катта муаммолардан бирига айланган. Улкан имкониятлар бўлишига қарамай (вилоят ва туман марказига яқин, қулай коммуникация тизими ва инфратузилмага эга) маҳаллий ва хорижий инвестиция иштирокида бирорта корхона ташкил этилмаган.

photo5393553427499428284.jpg

86 ёшга кирган катта онам мақол ва матал қўшиб гапиришни яхши кўради. Қариндошлар ўртасида ўз-ўзимиз ҳақимизда бирор салбий гап айланиб қолса, “Мўлтонидан ботир чиқса – чодирига ўт қўяр”, дейди нимтабассум билан бош ирғаб. Ўз қишлоғим ҳақда ножўя гап гапиришни менинг ҳам иқим суймайди. Аммо нураб бораётган маданиятни кўриб жим туришнинг иложи бўлмади. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Самарқанд вилоят маданият бошқармаси, туман ҳокимлиги бу бинога қайта жон бағишлайди, деган умид билан қоғоз қораладим.

Воҳид ЛУҚМОН, ЎзА
3 708