Нукусда йўналишли автобуслар қатновига рухсат берилди
Шунингдек, махсус лицензияга эга бўлган йўналишсиз таксиларнинг кун давомида ҳаракатланишига рухсат берилди.
Нукус шаҳрида бугун – 10 августдан бошлаб йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан А.Досназаров, Тўрткўл гузари, Ш.Рашидов кўчалари бўйлаб 45 та йўналишли автобусларнинг қатнови қайта тикланди.
«Автотранс Чимбой» давлат унитар корхонасига тегишли автобуслар карантин талабларига амал қилган ҳолда Нукус шимолий автовокзали – Нукус шаҳар Савдо комплекси, Самонбай – Нукус шаҳар савдо комплекси, Жийдели байсин – Ҳарбий горнизон, Боз овул – Қум овул каби асосий 9 та йўналишда ҳаракатланади.
Шунингдек, махсус лицензияга эга бўлган йўналишсиз таксиларнинг кун давомида ҳаракатланишига рухсат берилди. Ўрнатилган қатъий тартибга кўра автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши, ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши, йўловчилар сони икки нафардан ошмаслиги, автомобиль бошқарувчиси махсус комбинезон ва ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда ҳаракатланиши зарур.