ЎзА Ўзбек

13.01.2020 Чоп этиш версияси

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессияси​

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессияси​

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Е. Жуманазаров очди ва бошқариб борди.

8 (1).JPG

Сессия кун тартибидаги масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссия раисининг ахбороти тингланди. 

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасининг “Сайлов тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 2019 йилнинг 22 декабри ва 2020 йилнинг 5 январида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ўтказилган сайловлар мамлакатимиз ҳаётида демократик давлат, очиқ фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди. “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори остидаги сайловлар амалдаги қонунлар асосида демократик ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилди. Сайловларга ҳар томонлама тайёргарлик кўрилди. Унинг барча босқичларини чет эллардан, халқаро ташкилотлардан назоратчилар, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатиб борди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайлов 65 округ бўйича 622 сайлов участкасида ўтказилди. 2019 йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтган сайловларга рўйхатга киритилган 999 минг 333 нафар сайловчидан 771 минг 494 нафар сайловчи қатнашди. Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига тавсия этилган 325 номзод рўйхатга олинди. Шундай қилиб, сайлов бюллетенларига 50 округда 5 номзоддан, 14 округда 4 номзоддан, 1 округда 3 номзоддан киритилди. 2020 йилнинг 5 январида икки округда сайлов қайта бўлиб ўтди.

Умуман 65 сайлов округида депутат сайланди. Шундан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 19 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 14 нафар, Ўзбекистон “Адолат” демократик партиясидан 6 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 16 нафар, Ўзбекистон Экологик партиясидан 10 нафар депутат сайланди. Сессияда бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

6 (1).JPG

Кун тартибидаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги сиёсий партияларнинг фракцияларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг регламенти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, сиёсий партиялар фракцияларининг Оқсоқоллар кенгаши тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди.

3 (1).JPG

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилиги билан Ерниязов Муса Тажетдинович Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси этиб сайланди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Сариев Кахраман Раматуллаевич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимига тайинланди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худойберганов қатнашди. 

2 035
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА​