Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.09.2017 14:58 Чоп этиш версияси

Нукусда "Болалар китоби" III республика фестивали бўлиб ўтди

Нукусда "Болалар китоби" III республика фестивали бўлиб ўтди Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, Маданият, Халқ таълими вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёш авлоднинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

"Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги" шиори остида ташкил этилган фестиваль ранг-баранг китоблар кўргазмаси билан бошланди. Унда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатаётган “Билим” ва “Қорақалпоғистон” нашриётларида чоп этилган, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими фундаментал кутубхонаси, олий ўқув юртлари ахборот-ресурс марказлари томонидан тақдим этилган адабий-бадиий, илмий-маърифий, ўқув-услубий китоблар, болалар адабиётлари намойиш этилди.

Шоир-ёзувчилар билан учрашув ва китобсеварлар иштирокидаги анжуманда ёш китобхонлар ўртасида ўтказилган викторина саволларига тўғри жавоб бериб, ғолиб бўлган ўқувчиларга китоблар совға қилинди.

10.jpg

– Эртак китоблар ўқишга жуда қизиқаман, – дейди Хўжайли туманидаги 60-умумтаълим мактаби 6-синф ўқувчиси Умрбек Шукруллаев. – Бугунги кўргазмада китоб шунчалар кўпки, қани эди шунинг ҳаммасини ўқиб чиқсам, деб орзу қилдим. Катта бўлгунимча ўқийман ҳам. Асар муаллифлари иштирокида ўтказилган янги адабиётлар тақдимоти менда жуда катта таассурот қолдирди.

“Болалар китоби” фестивали китобхонлар ўртасида ижодий танлов ва шеърхонлик кечаси билан якунланди. Болалар ижодий жамоалари ижросидаги концерт дастури тадбирга ўзгача завқ бағишлади.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
3 498






Все о погоде - Pogoda.uz