ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Нукус ва Урганчда ҳарбийларнинг фарзандларига тавсияномалар берилди

Нукус ва Урганчда ҳарбийларнинг фарзандларига тавсияномалар берилди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига квота асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномаларни тантанали равишда топширди. Ана шундай тадбир Урганч гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирларда ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди. Округ ҳисобида жами 31 нафар ҳарбий хизматчининг фарзанди тавсияномага эга бўлди. Шулардан, 20 нафари Нукус гарнизонида, 11 нафари эса Урганч гарнизонида хизмат бурчини бажараётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларидир.

_U4A9688.JPG

Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 462-сон қарорига мувофиқ мазкур тавсияномаларни қўлга киритган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига топширилмоқда.

Тавсияномалар мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар-хизматда ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган ҳақиқий хизматни ўтаётган офицер, сержант ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган, контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга – улар фарзандларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун бевосита командирларнинг (бошлиқларнинг) тавсияси бўйича берилади.

_U4A9654.JPG

5 фоизли квота доирасида танлов ўтказилади – ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари бир-бирлари билан мусобақалашади. Абитуриент тест синовларида қанча кўп балл тўпласа, рейтингда шунча юқори ўринни эгаллайди. Махсус квота бўйича ўринларга қараганда абитуриентлар кўпроқ бўлса, кимдир ўқишга кириш имконини қўлга киритмаслиги мумкин. Таъкидлаш жоизки, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун бюджет ўринлари умумий абитуриентлар учун ажратилган квотадан алоҳида ажратилади.

Бундан ташқари, ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, шунингдек, ҳарбий хизматни ўташда ярадор бўлган, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига давлат гранти асосида танловсиз қабул қилинади.

_U4A9777.JPG

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ 
матбуот хизмати

1 377
ЎзA