Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 17:10 Чоп этиш версияси

Нукус шаҳрида икки нафар уруш фахрийсига янги уй калитлари топширилди

Нукус шаҳрида икки нафар уруш фахрийсига янги уй калитлари топширилди Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари Қадирбой Нарманов ҳамда Болтабой Сапаровга янги турар жойларнинг калитлари топширилди.

Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, уруш қатнашчиларига пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар, янги уй-жойлар тантанали равишда топширилмоқда.

“Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Ш.Уснатдинов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимизни хотирлаш, ҳозир ҳаёт бўлганларига юксак эҳтиром кўрсатиш ва уларни муносиб тақдирлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

92 ёшли Қадирбой бобо Нармановга Нукус шаҳрининг Онасой маҳалласида янги қурилган ҳовли-жойлардан бирининг калити топширилди. Отахоннинг жасоратга тўла ҳаёт йўли ёш авлод учун ўзига хос ибрат мактабидир. Қадирбой бобо 1944 йили соғлиғи ёмонлашгани боис Амударё туманига – туғилган овулига қайтиб келди. Умр йўлдоши Ўрозгул момо билан 1 ўғил, 4 қизни тарбиялаб вояга етказди. 20 дан зиёд невара ва 15 чеваранинг буваси бўлган Қадирбой Нарманов юртимизда ёш авлод камолоти йўлида яратилаётган шароит ва имкониятларга ҳавас қилиб, шу кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар айтади.

– Биз давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигини ҳар доим ҳис қилиб яшаймиз, – дейди у ғурурланиб. – Айниқса, уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда. Юртимиздаги тинчлик абадий бўлсин, ёшу кексага бирдай ғамхўр давлатимизнинг обрў-эътибори янада юксалаверсин.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Болтабой Сапаровга шаҳарнинг Жувозчи маҳалласида бунёд этилган янги ҳовли совға қилинди.

– Уруш келтирган кулфатларни биз кўрдик, бошқа ҳеч ким кўрмасин, – дейди 94 ёшли Болтабой ота. – Бугунги фаровон ҳаётимиз, тинч-осойишта Ватанимизни ёмон кўзлардан Яратганнинг ўзи асрасин. Ёшларимиз эришаётган ютуқ ва марралар ҳам бизга куч-қувват беради. Шундай фараҳбахш кунларни кўриш насиб этган учун Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсин. Тинч ва тўкис ҳаётимизга кўз тегмасин.

Тантанали тадбирда ҳомий ташкилотлар томонидан уруш фахрийларининг янги хонадонларига мебеллар, уй-рўзғор буюмлари совға қилинди. Санъат усталари томонидан ижро қилинган куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
4 165






Все о погоде - Pogoda.uz