ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

Нукус – “Оммавий диктант” пойтахти бўлиши мумкин

Нукус – “Оммавий диктант” пойтахти бўлиши мумкин

Нукус шаҳри рус тили бўйича ҳар йили ўтказилиб келинадиган халқаро “Оммавий диктант” лойиҳасининг “2020 йил учун пойтахт танлаш” танловида ғолибликни қўлга киритишга яқин қолди. Пойтахт мақоми учун танловда Вологда, Екатеринбург, Ижевск, Қозон, Краснодар, Санкт-Петербург, Ростов-Дону, Тамбов, Челябинск ва Нукус (Ўзбекистон) шаҳарлари иштирок этмоқда, деб хабар тарқатмоқда лойиҳанинг расмий сайтида (totaldict.ru).

– Гарчи “Оммавий диктант” лойиҳаси 2019 йилда Нукусда биринчи марта ўтказилаётган бўлса-да, дарҳол мингдан ортиқ иштирокчиларни тўплади. Шаҳар координаторининг сўзларига кўра, ёши катта одамларнинг деярли барчаси рус тилида яхши гапиришади ва ёшларга ўргатишади, – дейилади сайтдаги хабарда.

Оммавий диктант – бу ҳар кимнинг ихтиёрий тарзда иштирок этадиган ҳар йили ўтказиладиган ўқув тадбиридир. Унинг иштирокчилари ўзларининг саводхонлиги ва рус тилини билишларини синаб кўришлари мумкин.

Ҳаракатнинг мақсади саводли бўлиш ҳар бир киши учун муҳим эканлигини кўрсатиш, рус тилини ўрганиш осон эмас, лекин қизиқарли ва фойдали бўлишига ишонч ҳосил қилиш, рус тилида ёзиш ва гапиришни биладиган ёки билишни истаганларнинг барчасини бирлаштиришдир.

Оммавий диктант – бу фаоллар ва кўнгиллилар томонидан амалга ошириладиган оммавий лойиҳа. Акция ташкилотчиси Оммавий диктант фондидир. Унинг штаб-квартираси Россиянинг Новосибирск шаҳрида жойлашган. Диктант таниқли ёзувчи томонидан ҳар йили диктант учун яратиладиган ягона матн бўйича олиб борилади. Турли вақтларда диктантнинг муаллифлари Павел Басинский, Андрей Усачев, Евгений Водолазкин, Алексей Иванов, Дина Рубина, Захар Прилепин, Дмитрий Биковлар бўлган. 2020 йилда оммавий диктантни Андрей Геласимов ўқийди.

2019 йилда оммавий диктант дунёнинг 81 мамлакатида бўлиб ўтди, унинг матни 1200 шаҳарда 236 мингдан ортиқ иштирокчилар томонидан ёзилган. Биринчи маротаба оммавий диктант 2004 йилда Новосибирск давлат университетининг гуманитар факультети талабалари томонидан ташкил этилган. Шу пайтда унга 130 киши қатнашган.

Агар Нукус Оммавий диктант пойтахтига айланса нима бўлади?

– Бизнинг жамоамиз ва ўзим иштирокчилар сонини қарийб 2,5 баравар оширишни режалаштирмоқдамиз ва бу нафақат Осиёда, балки бутун дунёда рекорд даражага кўтарилишига умид қиламиз, – дейди лойиҳанинг Нукусдаги координатори Муҳаммад Қайпбергенов. – Бундан ташқари, бизнинг минтақамиз Орол денгизининг қуриши туфайли экологик ҳалокат зонаси ҳисобланади. Оммавий диктант – 2020 пойтахтининг ҳолати ушбу муаммога эътиборни жалб қилишга ёрдам беради, қуриган Орол денгизи бўйида ҳам диктант ёзилади.

Қорақалпоғистонда ушбу тадбирни қўллаб-қувватлашда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали, Рус маданий маркази фаоллик кўрсатмоқда.

Пойтахт учун овоз бериш

Мусобақа финали 2020 йил 1 февралда бўлиб ўтади. Матн муаллифи 4 апрел куни ғолиб бўлган шаҳарга жаҳон митингининг асосий платформасида диктантни ўқиш учун ташриф буюради.

Овоз бериш 2019 йил 11 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 12:00 да якунланади.

Овоз беришда фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларгина қатнашишлари мумкин. Сиз ҳар куни Тошкент вақти билан 02:00 дан кейин кунига бир мартадан овоз беришингиз мумкин.

Оммавий диктант лойиҳасининг 2018 йилдаги пойтахти Владивосток шаҳри, 2019 йилда эса Эстония пойтахти Таллин шаҳри бўлди. 2020 йилда қайси шаҳар ғолиб бўлишини вақт кўрсатади. Лекин Нукус шаҳри ушбу ғолибликни қўлга киритишга бир қадам яқин.

1 243
Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА