ЎзА Ўзбек

14.08.2018 18:52 Чоп этиш версияси

Нукус меҳмонларни кутмоқда

Нукус меҳмонларни кутмоқда Пойтахтнинг Жанубий вокзали. Жонажон Ватанимизнинг файзли остонаси.  Унинг бу галги йўловчилари бошқалардан яққол фарқ қилади. Уларни меҳр, ижод ва янгиликка интилиш бирлаштирган. 


Поезд вақтини кутаётганлар ортиқча сўзсиз, ҳаракатлари ва ҳатто рақс орқали ўзаро мулоқот қилишмоқда. «ZO`R ТВ»нинг ижодий жамоаси: санъат ва маданият ходимлари, машҳур актёрлар ва эстрада ижрочилари, турли лойиҳалар бўйича танловларда ғолиб бўлган жамоа аъзолари ҳисобига шакллантирилган 350 кишилик гуруҳ перронда ана шундай ажойиб байрамона муҳитни юзага келтиришди. Мазкур лойиҳа эса жорий йилнинг 25 июль куни бошланган.

Сафарга отланган катта ижодий жамоанинг бир бўлагига айланиш, улар билан мулоқотга киришиш ҳеч ҳам мураккаб эмас. Зеро мамлакатимизнинг энг узоқ манзилларидан бўлган қорақалпоғистонлик тенгдошлари олдида муносиб иштирок этиш масъулияти шу жойнинг ўзида иштирокчиларни тайёргарликка ундамоқда. Ана шу ҳаяжон ва масъулият ҳаракатларнинг ҳар бир жиҳатига алоҳида эътибор сари ундаётганини жажжигина қизалоқлар нигоҳидаги жиддийликдан ҳам пайқаш қийин эмас. Боиси ўз чиқишлари билан шунчаки рақс ижро этиш эмас, бошқаларни ҳам руҳлантириш, янги кўникмаларни ўзлаштиришдек каттароқ мақсад уларнинг юрагида жўш урмоқда.

Ёқимли ва унутилмас саёҳат учун ҳамма нарса шай. Нукусда бўлиб ўтадиган якуний гала-концертнинг кўтаринки руҳияти Жанубий вокзалда старт олди. Ана шу кайфият ила поезд саёҳатни бошлади. У ўзи билан ижоднинг серқирра ва бетакрор уфқлари, қиёси йўқ имкониятлар ва янги дўстлик ришталари каби руҳиятни ҳам олиб кетмоқда. Фақат бу эзгу ниятлар поезднинг махсус вагонларида эмас, 350 нафар ёш йўловчи қалбларига жо бўлган.

ЎзА
5 632