Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2017 12:35 Чоп этиш версияси

Нозирлар малака оширмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясининг ўқув полигонида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича нозирларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ички ишлар вазирлиги ходимлари, юртимизнинг барча ҳудудларидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича нозирлар, журналистлар иштирок этди.

Бугунги кунда мамлакатимизда қарийб 3900 милиция таянч пункти фаолият кўрсатиб, уларда беш мингдан зиёд профилактика нозири хизмат қилмоқда. Жиноятчилик, айниқса, ёшлар ва аёллар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, лицейлар ва аҳоли турар жойларида семинар ва машғулотлар ўтказилмоқда.

Профилактика нозирлари зиммасига юкланган вазифаларига кўра юқори касб малакасига эга, замонавий педагогик, психологик билимлар ва ахборот-коммуникация технологияларини яхши ўзлаштирган бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонуни ижроси доирасида Ички ишлар вазирлиги академияси ҳузурида малака ошириш курслари ташкил этилди. Ҳозирги кунда мазкур курсларда тўрт юз нафар профилактика нозири ўқитилмоқда. Ўқув полигонининг ахборот-ресурс маркази барча зарур адабиётлар, дарслик ва қўлланмалар билан таъминланган. Жанговар тайёргарлик машғулотлари спорт зали ва ўқ отиш майдонида ўтказилади.

– Маҳалламизда 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги 112-милиция таянч пункти профилактика нозири С.Асомов. – Улар орасида кўпчиликни ташкил қиладиган хотин-қизлар ва вояга етмаганлар доимий эътиборимиз марказида. Биз мактаб ўқувчиларининг давоматини текшириб, уларнинг ота-оналари билан мунтазам алоқа қилиб турамиз. Мазкур ўқув курси жараёнида янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишдим, жисмоний ва жанговар тайёргарлигим ошди.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 087






Все о погоде - Pogoda.uz