ЎзА Ўзбек

26.07.2018 16:48 Чоп этиш версияси

НОЁБ ВИДЕО: Ўзбекистондаги илк транспорт воситалари ва уловлар...

НОЁБ ВИДЕО: Ўзбекистондаги илк транспорт воситалари ва уловлар...

Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви ҳужжатларини ўрганар эканмиз, транспортнинг ривожланиш жараёнини фото ва видео тасмалар, киноҳужжатлар орқали кузатишимиз мумкин. Масалан, 1871-1872 йилларга тааллуқли бўлган фотоҳужжатда юк ортилган туялар карвони манзилга йўл олганини тасвирланган. 

1935 йилги Бухоро вилоятида олинган суратда эса пахта ортилган туялар карвони, 1947 йилги Чоржоу темирйўл қурилишига чўлда кетаётган туялар карвони каби фотоларни кўриш мумкин. Йўлга чиқиш олдидан туяларга юкларни ортиш жараёнлари фотографлар томонидан аниқ тасвирга муҳрланган. 

Туяларга юкларни ортиш ва уларни бошқариш ишларида аёллар ҳам иштирок этганликларини фотоҳужжатлар орқали билиб олсак бўлади. Бундан ташқари, туя карвонлари нафақат қумли чўлларда, балки ёғочдан ясалган кўприклар орқали йўл юриб ўз манзиллари етиб борганликлари тўғрисидаги ҳужжатлар диққатга сазовордир. 

Инсонлар карвонларда фақат туялардан фойдаланиб қолмасдан, эшак ва отдан ҳам унумли фойдаланганлар. Уларнинг эгарланиши ва безатилишидан бой-зодагонларга ёки оддий кишиларга тегишли эканлигини осон ажратиш мумкин. Ғилдирак ихтиросидан сўнг эса у билан боғлиқ ҳаракатланувчи транспорт турлари яратила бошланди. Шу тариқа инсонлар араваларда, кареталарда узоқ сафарларни амалга оширганлар. Албатта, жониворлар қўшилган араваларнинг юриши учун йўллар ва кўприклар такомиллаштириб борилган. 

Инсониятнинг яхши яшашга интилиши фан ва техникада янги-янги ихтиролар яратишга сабаб бўлди. Велосипед, паровоз, автомобиль каби транспорт турларида манзилга етиш учун қулайликлар яратмоқда. 

Архив материалларига мурожаат қилсак, далаларда ишлаётган деҳқонларга ва маҳаллаларга савдо машиналарида истеъмол молларини етказиб бериш ишлари ҳам йўлга қўйилганлигининг гувоҳи бўламиз. 

Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архивида икки-уч авлоднинг учрашуви муҳрланган ҳужжатлар ҳам бор. Транспорт мавзусига тўхталадиган бўлсак, уларнинг тарихини кузатиб, турли даврларда турлича, кўринишда бўлганлигини кўриш мумкин. Гўёки, эскирган транспорт турлари ўз ўрнини янги транспорт турларига бўшатиб бераётгандек... 


Умида Акрамова,
Ўзбекистон Республикаси кинофотофоно ҳужжатлар
марказий давлат архиви фондларнинг бош сақловчиси

ЎзА
7 677