ЎзА Ўзбек

27.07.2018 20:13 Чоп этиш версияси

Нотиқлик – тарбия ва мулоқотнинг ўзаги

Нотиқлик – тарбия ва мулоқотнинг ўзаги
Бир йил аввал – 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон зиёлилари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев қатъият билан "Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади", деб таъкидлаган эди. Ростдан ҳам адабиёт ва санъат ривожи миллат маънавий юксалишига хизмат қилади. Айниқса, нотиқлик санъатининг тўхтовсиз тадрижий шаклланиши бутун башариятнинг эзгуликка дўнишида кўмакдош бўлади. Шу маънода, юртимизда воизлик сирлари билимдони – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти доценти, “Ахборот хавфсизлигини таъминлаш” бўлими бошлиғи Раҳимбой Жуманиёзов билан кечган самимий суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

– Домла, дастлаб воизлик санъатининг сеҳри, аҳамияти, унинг бугунги кундаги ўрни ҳақидаги фикрингизни билсак.

– Дарҳақиқат, бу давримизнинг жиддий эътибор қаратиши керак бўлган долзарб масалаларидан экани, шубҳасиз. Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, сўз ва нутқдан фойдаланиш, унинг имкониятлари доирасида фикр етказиш ва қабул қилишнинг турли усуллари шаклланган. Нотиқлик, воизлик ана шундай санъатдир. "Риторика", "ораторлик", "хатоба" номлари билан ҳам юритилувчи ушбу санъат ҳар бир даврда ўша замоннинг мафкурасига хизмат қилиб келган. Шу маънода, нотиқликни дудама ханжарга ўхшатишади. Яъни, у икки томони ҳам кесувчи қуролдир. Бир томонида адолат турса, иккинчи томонида адоват. Ким ундан қандай фойдаланишга боғлиқ. Бу санъатдан буюк бобокалонларимиз – Амир Темур, ҳазрат Навоий, Мирзо Бобурлар ҳам, Чингизхон, Гитлер, Гебельслар ҳам мақсадли фойдаланган.

Замон ривожи, инсонлар дунёқараши жадал ривожланган ва юксак тараққий этган технологиялар даврида нотиқликнинг ўрни беқиёс. Жаҳон миқёсида халқ қалби ва онги учун кескин ва шафқатсиз кураш кетаётган бир пайтда бу жараёнга қарши чуқур билим ва маърифат билан жавоб бера олиш, воизлик маҳорати орқали фикр етказиш санъатини эгаллашни даврнинг ўзи талаб қилиб турибди.

Барча жабҳада бутун жамоани олдинга бошлаш, ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш ва инсондаги айрим иллатларни йўқотишда нотиқликнинг самараси бебаҳодир.

– Нотиқнинг нутқи таъсирчан бўлиши, аудиторияни ўз ортидан эргаштириб кета олиши учун нималарга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайсиз?

– Нутқнинг таъсири икки хил омилга боғлиқ. Нутқ жараёнида ана шунга риоя этилмаса, мақсад оқибатсиз тугайди. Бу нутқ сифатлари ва техникасидир. Нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги, софлиги, таъсирлилиги, жўялилиги, бойлиги, ифодавийлиги, соддалиги, қисқалигини талаб этувчи омиллар унинг сифатини ташкил этади. Ҳар иккаласини амалда тўла ва ширин қўллай билмаган нотиқ “ютқизади”.

Нутқ пайтида нотиқ билан тингловчилар ўртасида бир-бирини тушуниши ва яқинлик анча жонли бўлиши лозим. Ўзини тутиши, характери, сўзлаш манераси, фикр юритиш усулими, қайси бири бўлишидан қатъи назар, тингловчи уни ёқтириб қолиши керак. Ҳеч бўлмаганда, тингловчилар бир ҳафта мобайнида сизнинг маърузангиз таъсирида тўлқинланиб, ўзаро муҳокама қилиб юриши керак. Ўзининг сўзи билан суйдира олиш, тингловчида қайта учрашиш иштиёқини уйғотиш билан хайрлашиш нотиқ муваффақиятининг гаровидир. Нутқ давомида тингловчилардан айримлари тез-тез соатига қараб қўйса, эснаб ўтирса, билингки, нотиқ айбдор. Демак, нотиқда фикрлаш санъати бор, лекин омма эътиборини тортиш иқтидори йўқ. Зеро, машҳурлар кўп, лекин уларнинг манзур ва мақбуллари кам. Буюклар кўп бўлган, лекин уларнинг суюклилари кам. Кўриниб турибдики, инсоннинг суюк бўлиши баъзан нутққа ҳам чамбарчас боғлиқ, деб ўйлайман. Яхши нутқ ютуқ манбаи.

Ўзига қараб кутишларини, сўзига қараб кузатишларини билган киши ўзидан кўра сўзига эътиборли бўлади. 

Нотиқлик санъатига қизиқиш кучайиши билан ривожлана бошлаган мантиқ дастлаб гапирувчи учун муҳим бўлган масалани ҳал этишга ҳаракат қилган. Яъни, одамларни ишонтириш учун, уларни нотиқ фикрларини қабул қилиши учун нутқ қандай сифатларга эга бўлиши керак.
Қадимги нотиқларнинг фикрича, яхши нутқнинг кучи фикрларнинг ўзаро боғланиши билан белгиланади – агар тингловчилар бир фикрни қабул қилса, у билан боғлиқ қолган фикрларини ҳам тан олиши керак.

Тингловчиларга ҳақиқатни етказиш ва уларни у ёки бу фикрнинг тўғрилигига ишонтириш билан боғлиқ ҳар қандай ахборот узатиш жараёни ўзаро боғлиқ 3 унсурдан ташкил топади.

Биринчи унсур – исботланиши керак бўлган фикр. Иккинчиси – фикрнинг тўғрилигини исботловчи асос ва далиллар. Учинчиси –намойиши, яъни фикр ва асос, далиллар ўртасидаги алоқани кўрсатувчи мантиқий боғланиш.

Фикрлашнинг мантиқийлигини таъминлашда бу унсурлар борасида шаклланган қоидаларга риоя этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, айтиш жоизки фиклаш жараёнида мантиқий хатолар ёки мантиқий фикрлаш маданиятининг заифлиги ва фикрий пала-партишлик оқибатида вужудга келади ёки тингловчиларни онгли равишда адаштириш, баҳс-мунозарада қандай бўлмасин, ютиб чиқишга интилиш истагидан келиб чиқади.

– Жамиятимизда нотиқлик санъати самараларини нималарда кўрасиз?

– Дарҳақиқат, бугунги кунда халқимизни, айниқса, ёшларимизнинг дунёқарашини ўзгартириш дейсизми, дабдадали тўй-ҳашамлару адашган гуруҳларга кириб қолганларни тўғри йўлга солишдан тортиб коррупцион жиноятларнинг олдини олишда нотиқлик санъатининг роли жуда аҳамиятли бўлмоқда. Шунингдек, нотиқлик санъатининг аҳамияти бошқарув тизими, ижро, назорат органлари ходимлари, қўйингки, халқ билан бевосита ишлайдиган барча тизим вакиллари, тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар, жамоатчилик учун ҳам ниҳоятда аҳамиятли бўлиб қолмоқда.

Биз бу борада кўпгина амалий ишларни амалга ошириб келмоқдамиз. Жумладан, “Нотиқлик санъати академияси” нодавлат таълим муассасасини ташкил қилиб, кўплаб вазирлик ва ташкилотлар ходимларини бу борадаги малакаларини ошириб, уларга барча жабҳада бирдек нутқ ирода қилишларига замин яратмоқдамиз. Ўқув курсини муваффақиятли якунлаганларга сертификат ва дипломлар берилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўз тузади, сўз бузади, олқиш ҳам, қарғиш ҳам сўздан, обод қилгувчи ҳам, барбод этгувчи ҳам сўз. Сўз кулдиради, ўлдиради. Омонлик ҳам, ёмонлик ҳам, оламнинг яратилиши ҳам сўздан, йўқ бўлиши ҳам. Бунёдкор ғоялар ҳам сўз билан, бузғунчи вайронкор ғоялар ҳам сўз таъсирида. Сўз қудрати, моҳияти, хосияти ва саховатини англамайдиган инсон бўлмайди, балки уни англата олмайдиганлар бўлади.

Бу мулоҳазалар тарғибот ва ташвиқот ишлари билан фаолият юритувчиларга масъулият ва сергаклик юклайди. Нотиқлик, авваламбор, ишонтириш санъати. Унинг учун далилларга бой, асосланган таъсирли нутқ зарур.

– Бугун деярли барча олий ўқув юртларида нутқ маданияти ва нотиқлик санъати фан сифатида ўқитилади, бироқ давлат ва нодавлат радио, телевидение бошловчилари, айрим мухбир ва шарҳловчилар, “диджей”ларнинг фаолиятида нутқий нуқсонлар мавжуд. Бу муаммонинг ечими борасидаги фикр ва таклифларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Тўғри айтдингиз, бу борадаги камчиликлардан, нутқий нуқсонлардан кўз юмиб бўлмайди. Бу жараён кейинги пайтларда хиёл кўпайгандек. Ўринли айтганингиздек, таълим муассасаларида бу санъат фан сифатида ўқитилади. Гап унинг ўқитилишида эмас, балки қандай ўқитилишида. Шу фан бўйича дарс бераётган ўқитувчиларнинг айримлари ўзлари талаб даражасида эмас. Нутқ маданиятининг икки хил кўриниши бор. Оғзаки ва ёзма нутқ маданияти. Саводхонлик эса маънавиятнинг энг муҳим мезонидир.

Кўча-кўйдаги ёзувларда, пештахталардаги лавҳаларда ҳам, телевидение титрларида, оғзаки ва ёзма нутқда она тилимиз, адабий тилимиз меъёрларига риоя қилавермаслигимиз ачинарли ҳол. Бугун ёзув ва нутқ масаласига эътиборни сусайтирсак, эрта-индин муаммоларимиз янада катталашиши мумкин. Чунки, кичкина тешик катта кемани ҳам чўктириши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаслик зарур.

Шунинг учун ҳам нотиқлар жамияти ёки нотиқлик ассоциацияларининг тузилиши мақсадга мувофиқ. Бу эса ана шу муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилиши аниқ. Токи она тилимизнинг ёзув ва нутқ қоидаларига тўғри амал қилинишига масъуллик бевосита уларнинг зиммасига юкланган бўлармиди. Айтиш мумкинки, биз бу борада илк қадамларни қўйдик. “Нотиқлик санъати академияси” нодавлат таълим муассасасимиз ҳозир биз қайғурган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Таълим ва мулоқотнинг калити – нутқ билан, тарбия ва муомаланинг калити – хулқ билан эканлигини ёдда тутиш зарур.

– Самимий суҳбат учун ташаккур!

Бобомурод АДИЛОВ суҳбатлашди.

ЎзА
4 791