Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 18:36 Чоп этиш версияси

Носоз симлар ёнғинга сабаб бўлади

Тошкент шаҳрида ҳар йили носоз электр жиҳозлари ва симлар инсон соғлигига жиддий хавф солувчи, иқтисодиётга моддий зарар етказувчи юзлаб ёнғинлар юзага келишига сабаб бўлади. Бу омиллар туфайли келиб чиқувчи ёнғинлар сонини камайтириш мақсадида Тошкент шаҳар ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан 11 маҳаллада аҳоли билан учрашув ва семинарлар ўтказилди.

Коммунал хизмат ходимлари, тажрибали энергетик ва электриклар иштирок этган тадбирларда электр жиҳозларидан фойдаланиш қоидалари муҳокама қилинди. Хусусан, фойдаланилмаётган электр жиҳозларини тармоқдан узиб қўйиш лозимлиги таъкидланди. Маълум бўлишича, ҳатто зарарланмаган яроқли симлар ҳам қисқа туташув ва ёнғинни келтириб чиқариши мумкин экан. Тармоққа ҳаддан ташқари кўп маиший жиҳозлар уланиши натижасида босимнинг меъёрдан ортиб кетиши ёнғин чиқишига сабаб бўлади.

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, ҳар ҳафта ёнғин профилактикаси куни доирасида ижтимоий аҳамиятга молик объектлар, таълим ва тиббиёт муассасаларида, маданий-кўнгилочар масканларда, саноат корхоналарида, маҳалла фуқаролар йиғинларида учрашув ва семинарлар, давра суҳбатлари ва ёнғин-тактик машғулотлари ўтказилмоқда.

Электр жиҳозларидан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларига бағишланган шундай семинарлардан бири Юнусобод тумани Боғишамол маҳалласида ташкил этилди.

Тошкент шаҳар ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ёнғин профилактикаси ва назорати бўлими инспектори М.Раҳимованинг таъкидлашича, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, зарур профилактик тадбирлар ўтказиш нафақат ўт ўчириш хизмати ходимлари, балки ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади. Ёнғин хавфсизлиги инспекторлари томонидан амалга ошириладиган биноларда электр симларини текшириш ёнғин-техник кўригининг стандарт чоралари сирасига киради. Шаҳримиздаги барча бинолар йилига бир неча марта шундай текширувдан ўтказилиб, аниқланган қоидабузарликлар расмийлаштирилади ва тегишли чоралар кўрилади. Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги инспекторлари бозорлар ва йирик объектларда олиб бориладиган барча қурилиш ишларида иштирок этади. Сим ўтказиш, пайвандлаш ва монтаж ишлари сифатини назорат қилади.

Тадбир давомида куз-қиш мавсумида фойдаланиладиган иситиш жиҳозлари сифатига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳудудига олиб кириладиган иситиш жиҳозлари сифати қатъий назоратга олинган. Маҳаллий дўкон расталаридан жой олиш учун иситиш жиҳозлари барча зарур сертификатларга эга бўлиши ва ўрнатилган талабга жавоб бериши, ишончли ва хавфсиз бўлиши лозим. Шунга қарамай, ҳар йили ёнғин хавфсизлиги инспекторлари томонидан ўтказиладиган рейдлар давомида ёнғинга сабаб бўлувчи ёки заҳарли моддалар чиқариши мумкин бўлган қўлбола ва лицензиясиз иситиш жиҳозларидан фойдаланиш ҳоллари кузатилмоқда.

Электр жиҳозлари инсонга наф келтириш учун ишлаб чиқарилади, бироқ бизнинг огоҳлигимиз ва эҳтиёткорлигимизгина улардан узоқ ва хавфсиз фойдаланишга замин яратади.

Роман Бондарчук, ЎзА
733






Все о погоде - Pogoda.uz