ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги махсус элчиси билан учрашув

Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги махсус элчиси билан учрашув

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги махсус элчиси Кнут Воллебекни қабул қилди.

Учрашувда кўп томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Норвегия турли соҳаларда, жумладан, БМТ доирасида ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш тарафдори экани таъкидланди.

Норвегия ҳукумати БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондини яратиш бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусини қўллаб-қувватлаб келади. Бу йўналишдаги ишлар учун молиявий маблағ ҳам ажратган.

Учрашувда бу борадаги ишлар алоҳида эътироф этилиб, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини давом эттириш, парламентлараро ҳамкорлик бўйича депутатлар гуруҳларини ташкил қилиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни ривожлантириш мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Учрашувда бу борадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи Ўзбекистон – Норвегия институтини яратиш таклифи билдирилди ва қўллаб-қувватланди.

Суҳбат чоғида илм-фан, маданият, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

2 845
А.Мусаев, ЎзА