ЎзА Ўзбек

13.08.2018 18:50 Чоп этиш версияси

Норма ижодкорлиги – янги босқичда

Қонунлар ва улар асосида қабул қилинадиган қонуности ҳужжатлари қанчалик мукаммал, аниқ ва лўнда бўлса, уларни ҳаётга татбиқ этиш самарадорлиги шунча ортади. Норма ижодкорлигининг самарали ташкил этилиши шу мақсадга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони соҳада янги босқич бошланишига замин яратди.

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр МЕЛИЕВ билан фармон ижроси бўйича суҳбатлашди.

– Айтинг-чи, норма ижодкорлигида қандай муаммолар мавжуд эди?

– Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қабул қилинаётган қонунларнинг жамиятда кечаётган ислоҳотларга таъсирини кучайтиришга йўналтирилган қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш назарда тутилган. Зеро, ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида бу муҳим ўрин тутади.

Бу борада айрим камчиликлар мавжудлиги ижтимоий муносабатларни тарқоқ ҳолда тартибга солишга, бу эса тизимда айрим салбий ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлган. Айниқса, ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келган.

Умумий тусга эга бўлган қонунлар кўплиги, шунингдек, уларни амалга оширишнинг муайян механизмисиз айрим қарорларнинг қабул қилиниши давлат ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, ижтимоий муносабатларни асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солишга олиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид фармони билан бу каби камчиликлар бартараф этилмоқда.

– Фармон билан тасдиқланган норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида нималарга эътибор қаратилган?

– Фармон билан Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришда эндиликда қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлиги таъминланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш сифати оширилади. Шунингдек, уларнинг ижро мониторинги такомиллаштирилади.

Норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади. Бу жараёнда норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига электрон кўринишдаги виза қўйиш амалга оширилади. Уни кўриб чиқиш ва келишиш, шунингдек, уларни ишлаб чиқиш жараёнини мониторинг қилиш бўйича идоралараро электрон ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Адлия ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари томонидан яратиладиган Ягона электрон тизим бунга имкон яратади. Бу тизим 2019 йил 1 январгача ишлаб чиқилиб, синов тариқасида ишга туширилади.

Норма ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементлари қўлланилади. Яъни, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва МЧЖлар томонидан мавжуд норма ижроси харажатлари таклиф этилаётган лойиҳа нормасида назарда тутилаётган харажатларга тенг ёки ортиқ бўлганда мавжуд норма бекор қилинади.

– Қонун ҳужжатларининг тўғри таъсир қилиши амалиётини қандай тушуниш керак?

– Эндиликда қонуности ҳужжатлари фақатгина давлат органлари томонидан кўтарилаётган масалаларни амалдаги қонунчилик ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ечишнинг иложи йўқ бўлгандагина ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.

Бу каби қонун ҳужжатлари уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни белгилайдиган қўшимча идоравий ҳужжатлар қабул қилиниши мажбуриятини юкламасдан, қабул қилинган кундан бошлаб амал қилади. Яъни, илгари кўпинча қонун ҳужжатлари қабул қилингандан сўнг тегишли идораларда унинг ижросини таъминлаш учун қўшимча ички меъёрлар ишлаб чиқилган. Энди шу ҳужжатнинг ўзида аниқ топшириқлар ва уларни амалга ошириш механизмларини белгиловчи нормалар, муддатлар ва масъул ижрочилар мажбурий равишда назарда тутилади. Демак, бундан буён ортиқча қоғозбозликка ҳожат қолмайди.

Қонунчилик ташаббусига эга субъектлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини киритаётганда унга қонуннинг ижроси юзасидан қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш, ташкилий-техник чора ҳамда қонуннинг мазмун ва моҳиятини кенг тарғиб қилувчи чора-тадбирлар режасини илова қилади.

Бунда чора-тадбирлар режаси Олий Мажлис Сенати томонидан қонун маъқулланганда бирга тасдиқланади ҳамда парламент палаталари томонидан ижроси назоратга олинади.

– Давлат органлари учун яна қандай янгиликлар жорий этилмоқда?

– Давлат органлари ва ташкилотларнинг “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлар тўплами”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси”, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари тўплами” ва “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами”га обуна бўлиши бекор қилинди.

Мазкур қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (www.lex.uz) нашр этилади. Барча мазкур базадан фойдаланади. Бундан архивларда, ахборот-ресурс марказларида сақлаш учун, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар талабларига кўра тайёрланадиган нусхалар мустасно, албатта.

Бир сўз билан айтганда, эндиликда норма ижодкорлиги жараёнига фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, тадбиркорлик субъектлари ва илм-фан вакилларини жалб этиш бўйича ишларни самарали ташкил этиш йўли билан мазкур жараёнга жамоатчилик муҳокамаларининг таъсири даражаси оширилади. Фан ва амалиёт ҳамкорлигининг мақбул моделини шакллантириш йўли билан ўтказилаётган ислоҳотларнинг илмий асослантирилганлиги таъминланади.

Норгул Абдураимова суҳбатлашди, ЎзА
6 066