ЎзА Ўзбек

16.08.2018 20:37 Чоп этиш версияси

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси амалда

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси амалда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига асосан тузилган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов раҳбарлигида Комиссиянинг кенгайтирилган тартибдаги биринчи ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Комиссия аъзолари, депутатлар, Президент девони, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, шунингдек, Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасида белгиланган ташкилот ва идоралардан масъуллар иштирок этди.

Йиғилишда Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси доирасида ишлаб чиқилиши назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини етакчи ҳуқуқшунос олимлар, малакали мутахассислар, фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини кенг жалб этган ҳолда, энг илғор хорижий тажрибани ҳисобга олиб тайёрлаш лозимлигига эътибор қаратилди.

Концепцияни амалга оширишда қонунчиликнинг амалдаги ҳолати, мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш натижасида қонунчилик базасини тизимлаштириш, ҳар хил идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш, асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар, эскирган тартибга солиш механизмлари мавжуд бўлган қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш бўйича истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Фармонга мувофиқ, бундан кейин қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини қўллаш, улар кучга кирган пайтдан эътиборан ижросини ташкил этиш юзасидан қўшимча ички идоравий ҳужжатлар қабул қилишга доир мажбуриятлар юклатилмаслиги таъкидланди. Соҳага замонавий ахборот-коммуникацияларини кенг жорий этиш орқали қоғозбозлик, бюрократизм ва буйруқбозлик кабиларга буткул чек қўйилади.

Иштирокчилар норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш мақсадида “ақлли тартибга солиш” модели элементлари қўлланилиши эвазига ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатни аниқ ҳисоб-китобга таяниб, илмий асосланган ҳолда ишлаб чиқишни йўлга қўйиш борасида фикр алмашди. Тарқоқ ҳолдаги кўплаб идоравий ҳужжатлар ўрнида тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш бўйича таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, “Қонун ҳужжатларининг таъсирчанлигини баҳолаш тизими” порталини Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига интеграциялашнинг истиқболлари муҳокама этилди.

Президентимиз илгари сурган “Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган тамойил асосида фуқароларнинг норма ижодкорлиги жараёнидаги бевосита иштирокини таъминлаш механизмларини, хусусан, фуқароларнинг жамоавий ташаббусларини электрон тақдим этишга мўлжалланган «Mening fikrim» веб-портали, regulation.gov.uz норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали кабиларнинг имкониятларини янада кенгайтириш масаласи Комиссия аъзолари томонидан атрофлича таҳлил қилинди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, қонунчилик ташаббуси субъектлари томонидан мазкур фармон мазмун-моҳияти, унинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни жамоатчиликка етказиш мақсадида туркум семинарлар ташкил этишга келишиб олинди.

– Бугунги йиғилишда Олий Мажлис зиммасига юклатилган алоҳида вазифалар билан бир қаторда, парламентнинг Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, уларга илова қилинаётган ахборот таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубини ишлаб чиқиш бўйича ҳам амалий фикрлар билдирилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Раҳимжон Ҳакимов. – Яна бир муҳим масала шуки, қонунларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларига уларнинг ташаббускорлари томонидан қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш ҳамда амалга ошириш масалаларини ўз ичига олган тадбирлар режаси ҳам илова қилиниши амалиёти йўлга қўйилади.

– Таҳлилларга кўра, бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларнинг атиги 12,7 фоизигина ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқаётганлар томонидан кўриб чиқилган, холос, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бошқармаси бош мутахассиси Фаррух Қорабоев. – Йиғилишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг таклифлари инобатга олинишини шарт этиб белгилаш масаласи кўтарилди. Шунингдек, айни пайтда норматив ҳужжатларни баҳолашда фақатгина regulation.gov.uz портали имкониятлари билан чекланиляпти. Ваҳоланки, ривожланган хориж мамлакатларида бундай тизимнинг бир қанча усулларидан фойдаланилади. Шундан келиб чиқиб, айнан баҳолаш борасида алоҳида давлат идорасини масъул этиб белгилаш мақсадга мувофиқлиги таклифи билдирилди. Ушбу йўналишда ҳам эндиликда самарали тизим йўлга қўйилиши келишиб олинди.

Қизғин мунозаралар руҳида кечган йиғилиш якунида Комиссия аъзолари олдида турган муҳим ишлар, масъул ижрочилар зиммасига юклатилган вазифалар белгиланди.

Даврон Суннатов, ЎзА
6 786