ЎзА Ўзбек

02.02.2018 17:42 Чоп этиш версияси

Норинлик фермерлар кутубхона қурди

Наманган вилояти Норин туманида учта кутубхона фойдаланишга топширилди. Эътиборлиси, кутубхоналар тумандаги илғор фермерлар ташаббуси билан барпо этилди.

“Маҳаммадали ота набираси Бурҳонжон” фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган пешқадам хўжаликлардан. Юқори ҳосилдорлик юқори даромад ва мустаҳкам иқтисодиёт демакдир. Фермер шундай имкониятни зиё маскани барпо этишга йўналтирди. Хўжалик ҳисобидан 270 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфлаб, туман марказида замонавий кутубхона қурди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7-8 июль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида фаоллар иштирокида ўтказган видеоселектор йиғилишида халқимизни маънавиятга ошно этиш, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодни юксак маънавият соҳиблари сифатида камол топтиришда китоб ва китобхонликнинг аҳамияти беқиёс эканини алоҳида таъкидлади, – дейди “Маҳаммадали ота набираси Бурҳонжон” фермер хўжалиги раҳбари Набижон Мамадалиев. – Ўша учрашувда айтилган гаплардан руҳланиб, туман марказида битта кутубхона қуришга аҳд қилган эдим. Бугун ўша мақсадим рўёбга чиқди. Кутубхона одамларнинг севимли масканига айланса, ёшларни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилса, деган орзудаман. Келгусида бу ерда китобхонлар танлови, шоир-ёзувчилар билан ижодий учрашувлар, бадиий асарлар муҳокамаси каби маънавий тадбирлар ўтказишни мунтазам йўлга қўямиз.

“Сиддиқов Нодирбек” фермер хўжалиги раҳбари Нодирбек Сиддиқов томонидан Қозоқовул қишлоғида лойиҳа қиймати 70 миллион сўмлик, “Бўстонлик Анваржон” фермер хўжалиги раҳбари Анваржон Умаров томонидан Бўстон қишлоғида лойиҳа қиймати 80 миллион сўмлик кутубхона қуриб фойдаланишга топширилди.

– Кўп йиллар жамоа хўжаликларини бошқарган отамнинг хотирасини абадийлаштиришни орзу қилиб юрар эдим, – дейди Нодирбек Сиддиқов. – Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш, кутубхоналар ташкил қилиш ташаббуслари ушбу орзуим рўёбга чиқишига туртки бўлди. Қисқа фурсатда отамнинг шахсий кутубхонаси асосида зиё маскани ташкил қилганимдан хурсандман. Ушбу зиё масканида электрон кутубхонадан фойдаланиш имконияти ҳам яратилган.

Мазкур кутубхоналарнинг ҳар бири 3 минг нусхадан зиёд китоб фондига эга. Зиё масканларига вилоят ҳокимлиги томонидан 60 миллион сўмликдан зиёд китоблар тўплами туҳфа этилди.

Кутубхоналарнинг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
12 352