ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Ноннинг нархи қимматми ёки бозор талаб ва таклифидаги нисбатми?

Ноннинг нархи қимматми ёки бозор талаб ва таклифидаги нисбатми?

Муносабат 

Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш ва ривожлантириш вазифалари босқичма-босқич бозор механизмини кенг жорий этишга қаратилган. Биз тўлақонли бозор муносабатларига ўтиш йўлида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмас эканмиз, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда кескин бурилиш ясай олмаймиз.

Жумладан, вақтинчалик маъмурий чоралар натижаси ўлароқ нархларни сунъий ушлаб туриш истиқболда иқтисодиёт ва ижтимоий вазият кескинлашувига олиб келиши мумкин.

Бугунги кунда ички бозорда буғдой, ун ва нон нархининг эркинлаштирилиши ушбу маҳсулотлар нархининг қисман ошишига олиб келган. Табиийки, бу ижтимоий тармоқларда турли фикрлар ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Мазкур жараёнда нархларнинг ошиши, соҳани либераллаштириш жараёнида кузатиладиган вақтинчалик ҳолат бўлиб, кейинчалик талаб ва таклифлар шаклланиши натижасида барқарорлашади.

Кўп йиллар давомида буғдой, ун ва нон нархининг давлат томонидан тартибга солиниши, яъни нархларнинг сунъий равишда ушлаб турилиши, охир-оқибат дон маҳсулотларини етиштирувчи фермер хўжаликлар ва дон корхоналарининг иқтисодий жиҳатдан ночор ҳолатга келиб қолганлиги айни ҳақиқат. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса республикамизда иш билан банд аҳолининг 26,6 фоизи қишлоқ хўжалигида фаолият олиб боришини инобатга оладиган бўлсак, фермер хўжаликлари моддий манфаатдорлигининг пастлиги тармоқда фаолият юритаётган аҳолининг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

Президентимизнинг “Фермер бой бўлса – давлат ҳам бой бўлади”, деган сўзлари бежиз айтилган эмас. Таъкидлаш жоизки, ҳозирда амалиётда фойдаланилаётган қолипли нон ишлаб чиқиш стандарти қарийб 30 йил аввал, яъни 1988 йилда ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган бўлиб, йиллар давомида мазкур талаблар кўриб чиқилмаган. Шу боис, кўпинча аҳоли ўртасида қолипли нон деганда 0,6 килограммлик нон тушунчаси шаклланиб қолган. Бундан ташқари, аксарият корхоналар ускуналарининг энергоресурслар сарфи юқори бўлиши ҳам нон маҳсулотларининг таннархига ўз таъсирини кўрсатади.

Биз нонни эъзозлаш, уни увол қилмаслик ҳақида кўп ва хўп гапирамиз. Лекин кундалик ҳаётимизда бунга ҳар доим ҳам амал қилавермаймиз.

Ўзбекистонда оила аъзолари сонига қараб кичик (1-2 кишилик), ўртача (3-5 кишилик) ва катта оилаларга (6-7 ва ундан ортиқ) бўлинади. Тадқиқотлар кўрсатишича, 4-5 кишилик оилалар истеъмоли учун кунлик харид қилинган ноннинг 100 граммдан 250 граммгача исроф бўлиши, охир-оқибатда истеъмолга ярамай қолган нонни ахлатга ташлаш ҳолатлари ҳам мавжуд. Бунинг асосий сабабларидан бири, қолип стандартларининг асосан бир хиллиги, яъни Тошкент шаҳрида 0,6 килограмм, вилоятларда 0,5 килограмм қолипли нон (ГОСТ 27842-88 бўйича) истеъмолчилари учун мослаштирилган (оилалар сонига қараб) стандартлар асосида нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишнинг йўлга қўйилмаганидир.

Ушбу ҳолатларни инобатга олиб, исрофгарликнинг олдини олиш ҳамда аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда, Тошкент шаҳрида оғирлиги 0,3 килограмм ташкил этувчи қолипли нон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ишлари амалга оширилиб, жорий йилнинг октябрь ойида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан “O`z DSt 3415:2019” – техник шартлар ишлаб чиқилди ва 2019 йил 1 ноябрдан жорий этила бошлади.

Шу ўринда, яна бир эътиборли жиҳат, яъни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш масаласидир. Бу борада, Ҳукуматнинг яқинда қабул қилган дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш тўғрисидаги қарорида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли ҳимоя қилиш мақсадида 2019 йил 1 октябрдан компенсация миқдори 22,3 минг сўмдан 50 минг сўмгача оширилди. Компенсация олувчиларнинг сони 1 миллион 674 минг нафардан 1 миллион 985 минг нафаргача (энг кам ёшга доир пенсия олувчи 65 минг нафар ва 14 ёшгача болалари бўлган 246 минг оилага нафақа олувчилар) кўпайтирилди.

Хулоса қилиб айтганда, нон ва нон маҳсулотлари нархининг эркинлаштирилиши, бир томондан аҳоли даромадларини ошириш жараёнларини давом эттириш, уларнинг харид қобилиятини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини давлат бюджети ҳисобидан ижтимоий ҳимоялашни тизимли ташкил этишдир. Шунингдек, мазкур тизимга нисбатан бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш орқали иқтисодий рентабеллик даражасини ҳақиқий ҳолатга келтириш, бу борадаги ислоҳотлар самарасини таъминлашдир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, нон нархининг эркинлаштирилиши ҳисобига қисман кўтарилиши, бундаги шов-шувлар вақтинчалик ҳолат бўлиб, қисқа вақтда иқтисодий фаоллик ва даромадлар даражасининг ўсиши эвазига жамиятда нормал ҳолат қарор топади.

Рустам ҲАСАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт
ва саноат вазирлиги ҳузуридаги
ўқув маркази директори.

1 753
ЎзА