ЎзА Ўзбек

09.05.2018 15:09 Чоп этиш версияси

Нонни есак, тишимиз синиб, лабимиз қонарди...

Нонни есак, тишимиз синиб, лабимиз қонарди... Дунёда уруш деган балонинг номи абадий ўчсин! Миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, мислсиз йўқотишлар, талофат ва мусибатлар олиб келган, халқлар бошига кулфатлар солган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қонли қирғин бўлган. Бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини ҳам унутмаймиз.

Қўқон шаҳридаги “Исломобод” МФЙ ҳудудидаги Олой кўчаси 22-уйда яшовчи Рўзматжон Рашидов 1922 йилда туғилган. У даврларда ҳужжатлаштириш ишларидаги хатолик туфайли паспортига 1925 йил деб ёзилган. Ҳозир кекса отахон 7 нафар фарзанд, 72 невара, 57 та эвара, 15 та чевара ва 3 та абираси бор пири бадавлат нуронийлардан саналади.

1942-1945 йилларда уруш майдонларида фашистларга қарши мардонавор ва оғир жангларда иштирок этди. Москва шаҳри остоналарида ҳарбий ҳаракатларга кириб, Украина, Молдова, Чехославакия, Австрия, Венгрия ва Германия ҳудудларида ҳарбий амалиётларда қатнашди.

32073911_1853593671358592_8083014548539310080_n.jpg

32116871_1853593088025317_5081976132656431104_n.jpg

Рўзмат ота Москва остонасида пулемётчига ўқ ташувчи бўлиб хизматни бошлади. Кейин эса зенит қурилмаси отувчиси сифатида душманнинг пайини қирқди. Малакаси ортиб, кўзи қота боргач, 1943 йилдан 8-ҳарбий десант дивизияси 25-полкига саралаб олинди. Душман ортига десант сифатида туширилиб, қақшатқич зарбалар берди, қимматли разведка маълумотларини марказга йўллаб, душман позициясини, дислокациясини маълум қилиб турди. Хизмат кўрсатувчи стратегик объектлар, темир йўллар, кўприклар, қурол-аслаҳа омборлари, ҳарбий аэропортларни йўқ қилди. Фронт чизиғидаги фашистларни асосий кучларидан узиб ташлашга ҳисса қўшди.

Рўзмат ота жанговар топшириқларни адо этиш чоғида ҳафталаб сувли-ботқоқли ўрмонларда қолиб кетган. Жангларда икки маротаба қаттиқ яраланди. Биринчисида бир ҳафта госпиталда ётиб, тузалиши билан фронтга қайтди. Кейингисида дайди ўқ пулемёт ҳимоя тўсиғига тегиб, айланма ҳаракат билан бўйни остини яралади. Шифокор йўқлиги сабабли бир ҳафта даволанишга имкон бўлмади. Бўйни ости йиринглаб, шишиб кетди. Ўрмон ичида дуч келган дўхтир уни кўриб қўрқиб кетди ва Худонинг ўзи асрабди, дея скальпель билан бўйин остини кесиб олади. Отахон оддий жароҳат туфайли тиббий ёрдам ололмаган сафдошларининг кўпи вафот этганини яширмади.

Ўзбек йигити босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини кўрсатди. У уруш йилларида парашютдан беш юздан ортиқроқ жанговар сакрашларни бажарди.

Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин ҳам 3 йил Рязань шаҳридаги ҳарбий билим юртида йўриқчи бўлиб, курсантларга сабоқ берди. Фарғона вилоятидаги ички ишлар тизими қўриқлаш хизматида 25 йил самарали меҳнат қилди ва 1971 йилда пенсияга чиқди.

Отахоннинг кўксини йигирма бешдан ортиқ медаль ва орденлар безаб турибди. У Қўқон шаҳридаги 7 нафар уруш қатнашчисидан бири сифатида эъзоз ва эҳтиромда.

32105727_1853591894692103_8237452737755742208_n.jpg

32105017_1853593898025236_2189993868496207872_n.jpg

– 2017 йилда дадам бепул, ўзим эса 20 фоизли чегирма асосида Ҳаж зиёратини адо этиб қайтдим, – дейди мўйсафиднинг кенжа ўғли Бахтиёр Рашидов. – Онам Саломатхон Рашидова билан 51 йил бирга умргузаронлик қилдилар. У кишининг 2001 йили ва катта акам Анваржоннинг 2008 йили оламдан ўтганида дадам анча сиқилиб қолдилар. Лекин жисмоний бақувват ва чаққонлар. 2000 йилга қадар Россия ва Украинадаги қуролдош дўстлари олдига бориб, ҳол-аҳвол сўраб келардилар. Хуллас, тиниб ўтирадиган одам эмасди. Бу йил буйракларида тош ҳосил бўлди, ҳаракатлари сал чекланиб қолди. Мактаб ўқувчилари, ёшлар доимо келиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлишади. Юздан ортиқ шогирдлари бор. Бизни ҳалол меҳнат билан боқдилар.

– Тинчлик улуғ неъмат, – дейди отахон. – Жуда оғир қийинчиликларни енгиб ўтдик. Кечаю кундуз ишладик. Уруш зарбасидан ҳеч ким четда қолмаган. Фронтнинг қизғин ҳудудларида бўлдим. Қоронғуда самолёт чироғини ўчириб, қотган нонларни душман ортида ҳаракат қилаётган сафдошларимизга ташлаб кетарди. Бундай қора нонларни тишласак тишимиз синарди, лабимиз қонаб кетарди. Бугунги тинч ва осойишта кунларга кўп дўстларим етиб кела олмади. Нонни эъзозланглар болаларим. Бизга фақат тўй-томоша ярашади. Худога шукр, ҳозир ҳурматимиз жойида. Жуда иззатли бўлдик. Ҳар куни эшигимизни тақиллатиб, нима хизмат бор дейишади. Кам бўлманглар.

Рўзмат отанинг матонати ва жасорати, бурчга садоқати, ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси, ўз жони ва куч-қувватини аямагани ёш авлод учун ибрат мактаби ҳисобланади.

Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларимизни эъзозлаш, қадрига етиш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш ишига давлатимиз катта эътибор бермоқда.

Президентимизнинг фармони билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига жорий йилда 5 миллион сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти берилиши ҳам ушбу ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Шу билан бирга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг истаклари асосида улар ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафар қилиши, ушбу зиёратлар билан боғлиқ барча харажатлар давлат томонидан қопланиши назарда тутилмоқда. Фахрийлар Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда мамлакатимиз ҳудудидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборилишини ташкил этиш, уларни зарур авиа ва темир йўл чипталари билан таъминлаш белгиланмоқда.

Бу каби шароитлардан кексаларимиз ғоятда мамнун. Хонадондан чиқар эканмиз, ҳар кимни ҳам улуғ отахоннинг ёшига етказсин, деймиз. Токи, юртимизда инсон азиз, хотира эса муқаддас экан, ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди.

Лазиз Раҳматов, журналист.

ЎзА
7 909