Нодавлат ташкилотлар ҳам суд-экспертлик фаолиятини олиб боради
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қарорга мувофиқ амалиётда илк бор нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.
Хусусан, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига суд экспертизаларининг 44 турини ўтказиш ҳуқуқи берилди. Уларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ташкил қилиш ҳамда суд эксперти сертификатини олган шахсларнинг Ягона реестрини ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари рейтингини юритиш белгиланди.
Шунингдек, қарор билан 2019-2020 йилларда суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 25 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди ва унга асосан суд-экспертиза хизматлари фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, амалиётга янги инновацион ишланмаларни жорий этиш, суд экспертизаларининг турларини кенгайтириш, уларнинг сифати ва ишончлилигини ошириш, Марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, суд-экспертлик фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ҳамда ихтисослаштирилган нодавлат суд экспертиза ташкилотларини ривожлантириш йўналишлари белгиланди.
Ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси, моддий таъминоти тубдан яхшиланди ва энг муҳими Ҳукумат қарорига асосан моддий-техник базани модернизация қилиш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун 3 миллион 326 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Марказ тузилмасига бугунги кун талабларидан келиб чиққан холда ўзгартишлар киритилиб, бир қатор янги бўлимлар ташкил этилди ва ходимлар штат бирлиги сезиларли даражада оширилди.
Қайд этиб ўтилган йўналишнинг амалий натижаси сифатида Марказнинг янги, замонавий талабларга жавоб берадиган ихтисослашган биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд экспертизанинг янги турлари, хусусан, суд-психологик экспертизаси, суд-электротехника экспертизаси, озиқ-овқат маҳсулотларининг суд экспертизаси, суд лингвистик экспертизаси, суд автомобиль йўллари экспертизаси ва суд компьютер-техник экспертизаларини жорий қилиш юзасидан, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 21 дан ортиқ тасдиқланган мавзулари бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, тадбирда журналистларга суд-экспертлик фаолиятидаги янгиликлар ва амалга оширилган қўшимча ишлар тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
Тадбир давомида Марказнинг янги ихтисослаштирилган биносида медиа-тур ташкил этилиб, иштирокчиларнинг суд-экспертиза фаолиятига оид барча саволларига давлат суд экспертлари томонидан жавоб берилди.