Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 22:17 Чоп этиш версияси

Нодавлат нотижорат ташкилотлари – фуқаролик жамиятининг муҳим институти

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Фуқаролар нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида: тасаввурлар, фикрлар, кутилаётган натижалар” мавзуида ижтимоий сўров ўтказди.

Сўровда иштирок этганларнинг аксарияти (78,5 фоизи) таъкидлаганидек, мамлакатимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси, фуқароларнинг мамлакат ва халқ манфаатларини шахсий манфаатлардан устун қўйишга интилиши туфайли фуқароларимизнинг фаоллиги ортмоқда. Сўровда қатнашганларнинг 61,1 фоизи мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг фаолият юритиши ва фаол фуқаролик позициясини намойиш этиши учун зарур ҳуқуқий асослар яратилган, деб ҳисоблайди.

Айни пайтда, ҳар учинчи иштирокчи фуқаролик жамияти институтларининг самарали ишлаши учун амалда барча керакли шароитлар яратилган, деган фикрни ёқламади. Хусусан, жойларда ҳокимият ва бошқарув органлари вакиллари нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолларининг таклиф ва тавсияларини эътиборга олмайди.

Ҳамюртларимизнинг аксарияти (72 фоизи) Президентимизнинг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган изчил чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Уларнинг фикрича, ушбу ҳужжат фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида конструктив мулоқот ўрнатишда самарали механизмларни яратиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари эҳтиёжларининг холис таҳлилини таъминлаш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган.

Фуқаролар бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига, айниқса, ижтимоий шериклик соҳаси, халқимизнинг фуқаролик салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган шароитлар яратиш, стратегик ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда давлат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби соҳаларда эҳтиёж кучли эканини қайд этган. Бу давлатимиз раҳбарининг аҳоли муаммоларини изчил ўрганиш, айниқса, вилоятларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга нодавлат нотижорат ташкилотларини янада фаол жалб этиш, фуқаролик институтларининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигига замонавий механизмларни жорий этишга қаратилган ташаббуслари кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётганини тасдиқлайди.

Ҳамюртларимизнинг фикрича, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Қатнашчиларнинг 21,9 фоизи яқин келажакда ушбу ташкилотлар фаолияти кенг кўламдаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган бўлиши, жамиятдаги барча ижтимоий гуруҳлар манфаатларини ифодалаши керак, деб ҳисоблайди. Сўровда иштирок этганларнинг 22,7 фоизи нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқаролар, айниқса, ёшларнинг ташаббуслари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши, қариялар (15,7 фоизи), имконияти чекланганларнинг (12,7 фоизи) турмуш шароитини яхшилашга қаратилган вазифаларни ҳал этиши, болалар, етим ва ногирон болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши (9,5 фоизи) лозим, деган фикрда.

Сўров натижалари ҳамюртларимиз нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти тўғрисида янада тўлиқ маълумотга эга бўлишни исташини кўрсатди. Сўнгги йилларда ОАВ орқали нафақат нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида умумий хусусиятдаги, балки уларнинг жамиятда ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни ҳал этишга қўшаётган ҳиссаси тўғрисидаги батафсил маълумотларга ҳам эга бўлишни истаётганлар сони сезиларли даражада ошган. Фуқароларимиз ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида мустаҳкам шериклик муносабатлари йўлга қўйилгани, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ ёрқин мисолларда акс этган маълумотларга эга бўлиш истагида.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятининг ошкоралиги даражасини таъминлаши лозим.

Тадқиқот натижалари кўрсатганидек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига бағишланган тарғибот ишларини амалга оширишда жамоат ташкилотлари ва давлат тузилмалари билан ҳамкорликни кучайтириши, фуқаролар, айниқса, қишлоқ аҳолисини қабул қилинаётган қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилишда бевосита иштирокини янада фаоллаштириши лозим.

Сўровнинг ҳар иккинчи иштирокчиси (54,8 фоизи) ўзи маълум масала бўйича бевосита мурожаат қилган нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига ижобий баҳо берган. Умуман, фуқароларнинг кўпчилиги нодавлат нотижорат ташкилотларини мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қиладиган жиддий ижтимоий тузилма сифатида қабул қилади.

Сўровда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни обод қилиш, ёшлар муаммолари, маънавият-маърифат, ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этди. ННТлар вакилларининг аксарияти эътироф этганидек, жамиятда одамларга ёрдам кўрсатиш, уларни ўйлантираётган муаммо ва масалаларни ҳал этишга кўмаклашиш истаги уларнинг нодавлат нотижорат ташкилотларида ишлашига сабаб бўлган асосий омил ҳисобланади. Айни пайтда ННТларда фаолият юритаётган қарийб ҳар ўнинчи вакил ушбу ташкилотда ишлаш унинг ишга жойлашиш муаммосини ҳал этишга кўмаклашганини билдирган.

Сўровда қатнашган ННТлар вакилларининг аксарияти (64 фоизи) бундай ташкилотда фаолият юритиши орқали ўзини жамиятнинг фойдали аъзоси сифатида ҳис этаётганини таъкидлаган.

Шу билан бирга, сўровнинг ҳар учинчи иштирокчиси жойлардаги давлат органлари нодавлат нотижорат ташкилотларга нисбатан бўйсунувчи ва қуйи ташкилот сифатида қараши ва уларга кўп топшириқ ва вазифалар юклаши, маънавий ва молиявий ёрдам кўрсатмаслигини қайд этган. Қарийб ҳар ўнинчи иштирокчи маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари улар ишлаётган нодавлат нотижорат ташкилотларни ҳамкор тузилма, деб ҳисобламаслиги ва унинг меъёрида ишлашига тўсқинлик қилаётганини маълум қилган.

Шу боис, сўров иштирокчилари Президентимизнинг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг ижросини таъминлаш орқали давлат органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолият юритиши, айниқса, қонунчиликка риоя этиш борасида жамоатчилик назоратини амалга ошириши йўлидаги тўсиқлар бартараф этилиши, давлат органлари жамият манфаатларига дахлдор бўлган масалаларни ҳал этишда ННТларга кўмаклашишига умид билдирган. Шунингдек, сўровда иштирок этган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари мазкур фармон ижроси орқали ўз фаолиятини янада фаоллаштириш учун маҳаллий бюджетдан зарур маблағ олиш умидида.

Ижтимоий сўров фуқароларимиз давлат ва жамият ишларини бошқаришда онгли равишда иштирок этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқотни таъминлаш, мамлакатда тотувлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш учун аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳисобга олиш зарурлигини янада теран англаётганини кўрсатди.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик
фикрини ўрганиш маркази 
материаллари асосида 
О.ХАРЧЕНКО тайёрлади.