Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 12:04 Чоп этиш версияси

Ноқонуний қурол сақлаш – жиноят

Фарғона вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан олиб борилаётган профилактик тадбирлар давомида турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ, тегишли рухсатномасиз ўқ отар қурол, шунингдек, ўқ-дори, портловчи модда ёки портлатиш қурилмаси тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай буюмларни ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширган шахслар жавобгарликдан озод қилинади. Аҳоли билан ўтказилаётган тадбирларда бу кенг тушунтирилаётгани кутилган натижа бермоқда. Хусусан, фуқароларнинг турли қуролларни ихтиёрий равишда топширишига эришилмоқда.

Бешариқ туманида яшовчи Элбек Мусаев кутилмаган ҳолатга дуч келди. У ўзи истиқомат қиладиган уйни таъмирлаётиб, девор орасидан номаълум ов қуролини топиб олди. Ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган қуролни у ўз ихтиёри билан ички ишлар бўлимига топширди.

Фурқат туманидан Ўткир Сиддиқов ҳам ўқ отар қурол топиб олгани ҳақида ички ишлар бўлимига мурожаат қилди. У ҳам эски молхонани бузаётган пайтда девор орасидан марҳум отасидан қолган 1 дона ўқ отар қурол топиб олган. Ноқонуний қурол сақлаш жиноят эканини яхши билган фуқаро бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга маълум қилди ва қуролни топширди.

Албатта, Э.Мусаев ва Ў.Сиддиқовнинг ўз вақтида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилгани эътиборга сазовор.

Ноқонуний қурол сақлаш – жиноят. Буни кимдир билмайди ёки билса ҳам бепарво бўлади. Бундай лоқайдлик охир-оқибат фуқаролар тинчлигига, хотиржамлигига путур етказиши, турли кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Бинобарин, ҳар бир фуқаро мавжуд тартиб-таомилларни яхши билмоғи даркор. Зеро, қонунни билмаслик жавобгарликдан соқит қилмайди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 462






Все о погоде - Pogoda.uz