Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.12.2017 11:26 Чоп этиш версияси

Ноқонуний текширишларга йўл қўйган раҳбар ва мансабдор шахслар ишдан бўшатилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ноқонуний текширишлар ўтказилишининг олдини олиш, айниқса, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркорлик субектларининг фаолияти асоссиз тўхтатилишига ва зарар етказилишига йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда тадбиркорлик субектларида ўтказилаётган текширишларнинг қонунчилик талабларига мослиги тизимли равишда таҳлил қилиб борилмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси расмий сайти.

Таҳлиллар тадбиркорлик субектларини назорат қилиш ваколатига эга бўлган айрим вазирлик ва идораларда текширишларни тартибга солишга доир қонунчилик талаблари ходимларга етказилмагани ва бу борада талаб даражасида назорат ўрнатилмагани оқибатида ноқонуний текширишларга йўл қўйилаётганини кўрсатмоқда.

Жорий йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида ноқонуний текширишларга йўл қўйилишида айбдор бўлган раҳбар ва мансабдор шахсларнинг интизомий жавобгарлигини кўриб чиқиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга 17 тақдимнома киритилди.

Хусусан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги назорат органларига 5 та, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги назорат органларига 3 та, Ички ишлар вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда «Ергеодезкадастр» давлат қўмиталарига 2 тадан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва «Автодарётранс» агентлигига 1 тадан тақдимномалар киритилди.

Ушбу тақдимномалар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиб, ноқонуний текширишларга йўл қўйганлиги учун 7 нафар раҳбар ва мансабдор шахслар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, 14 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 7 нафарига «ҳайфсан» ёки «танбеҳ» интизомий жазо чоралари қўлланилди, 8 нафар ходим ўртача ойлик иш ҳақининг 20-50 фоизигача жаримага тортилди.

4 116