ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Ноқонуний маҳсулотлар савдосига чек қўйилди

Ноқонуний маҳсулотлар савдосига чек қўйилди
Сирдарё вилоятидаги «Сирдарё» чегара божхона постида йирик миқдордаги – тахминий қиймати 1 миллиард 67 миллион сўмлик ноқонуний товар-моддий бойликлари тўхтатиб қолинди.

Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси Матбуот ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи хабар берди.

Вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда давлат хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Россия давлатидан Қозоғистон Республикаси орқали Ўзбекистонга ўтиш учун «Сирдарё» чегара божхона постига “DAF” русумли юк автотранспорт воситасини бошқариб кириб келган фуқаро Жанибек Шайманов (исми-шарифи ўзгартирилган) ўзининг хатти-ҳаракатлари билан божхона ходимларида шубҳа уйғотади. Жанибек билан божхона ходимларининг ўтказган оғзаки савол-жавоби ва автотранспорт воситасига юкланган товарларга тегишли ҳужжатларни текшириш давомида божхона ходимларининг шубҳалари тўғри бўлиб чиқди.

Ушбу юк автотранспорт воситаси постдаги мавжуд “Rapisсan” номли инспекцион кўрик мажмуаси (ИКМ) ёрдамида текширилиб, олинган фотосуратлар таҳлил қилинганида, автомобиль юкхонасида йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган товарлар мавжудлиги маълум бўлиб қолди.

“DAF” русумли автотранспорт воситаси пост ҳудудида белгиланган тартибда, холислар иштирокида чуқур божхона кўригидан ўтказилганида, юк ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳамда ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқча бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган, тахминий қиймати 1 миллиард 67 миллион сўмлик 123 турдаги жами 12 минг 977 дона парфюмерия (атир-упа) маҳсулотлари ҳамда 61 турдаги 18 минг 581 дона, йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилгандан анчагина ортиқча автомашина эҳтиёт қисмлари борлиги аниқланди. Ушбу ноқонуний маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

3 355
А.ҚАЮМОВ, ЎзА