ЎзА Ўзбек

21.09.2018 09:58 Чоп этиш версияси

27 нафар нотариус жавобгарликка тортилди

27 нафар нотариус жавобгарликка тортилди

Аҳолининг энг кўп иши тушадиган тизимлардан бири нотариат соҳасидир. Тизимда хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш учун нотариусларга халқ томонидан берилаётган баҳо алоҳида эътиборда. Қолаверса, улар фаолиятини баҳолашнинг махсус тизими ҳам ишга туширилган.

Аҳолидан нотариуслар фаолияти билан боғлиқ тушаётган шикоятларни ўрганиш асносида ўтказилган ўрганишларда кўп ҳолларда келтирилаётган важлар ўз тасдиғини топмоқда. Кейинги пайтда бу амалиёт туфайли 27 нафар нотариусга нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Адлия вазирлиги томонидан давлат нотариал идоралари нотариусларининг иш фаолияти сифатини баҳолаш тизими ҳам йўлга қўйилди. Бу жараёнда эса сифатли хизмат кўрсатаётган ҳамда ишлари талаб даражасида ташкил этилмаётган ходимлар аниқланди.

– Нотариуслар фаолияти сифатини баҳолашда қонунийлик, беғаразлик, холислик, адолатлилик ва шаффофлик принципларига асосланилди, – дейди Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева. – Сифатни баҳолашда нотариус томонидан расмийлаштирилган нотариал ҳаракатлар сони ва сифати, аҳолига хизмат кўрсатишда қулайлик ва тезкорлик таъминланганлиги, фаолиятидаги ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар кўлами, касбий вазифаларини бажариш даражаси ҳамда соҳани ривожлантиришдаги фаоллиги ҳисобга олинди.

Республика бўйича 651 нафар нотариусдан 28 нафарининг иш фаолияти “аъло”, 268 нафариники “яхши”, 278 нафариники “қониқарли” ва 77 нафариники эса "қониқарсиз” деб баҳоланди.

Н.Абдураимова, ЎзА​​
3 659