Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 12:07 Чоп этиш версияси

Ноқонуний иш фош қилинди

Ноқонуний иш фош қилинди

Маълумки, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб, белгиланган меъёрлар доирасида жисмоний шахслар қўшни давлатлардан маиший техника буюмларини, жумладан, телевизорларни божхона тўловларини тўламай, 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтишга рухсат этилган.

Аммо, айрим шахсларни ушбу меъёрлар қониқтирмаётган кўринади. Яқинда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Сариосиё туманида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қўшни давлатдан божсиз, олиб кириш меъёрларини суиистеъмол қилган ҳолда маиший техника буюмларини олиб киришга уринган шахслар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида маълум қилинди.

Жумладан, О.Б. “Сариосиё” чегара-божхона постидан ўтиб қайтаётган шахсларни маълум бир ҳақ эвазига ёллаб, шахсий фойдаланиш ниқоби остида 10 дона телевизорларни ўтказиб беришларига кўндиради. Шу зайлда қиймати 27,5 миллион сўмлик телевизорларни тижорат мақсадида олиб ўтаётган пайтида божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

М.Тошқораева, ЎзА