ЎзА Ўзбек

24.05.2018 10:18 Чоп этиш версияси

Ноҳақ қамалиб, кейин оқланган тадбиркорнинг лойиҳаси Ҳукумат раҳбарининг эътиборини тортди

Ноҳақ қамалиб, кейин оқланган тадбиркорнинг лойиҳаси Ҳукумат раҳбарининг эътиборини тортди
Тўрақўрғонлик тадбиркор Жобирхон Камолиддинов бундан бир йил аввал ноҳақ қамалганди. Яқинда Президентимиз қарорига асосан оқланиб, жазодан озод этилди. Ишбилармон томонидан таклиф этилаётган лойиҳа ҳукумат раҳбарининг эътиборини тортди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Президентимизнинг жорий йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида"ги фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар билан танишиш учун Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманига борди.

Ҳукумат раҳбари вазирлик ва идоралар, тижорат банклари раҳбарлари, маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари ҳамроҳлигида “Оқтош” маҳалласида кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари томонидан янги ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш, янги иш ўринларини яратиш, ҳудудда саноат салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар билан яқиндан танишди.

Айниқса, Наманган шаҳридаги “Aisha home textile” қўшма корхонаси таъсисчилигида Ж.Камолиддинов раҳбарлигидаги “Oqtosh tekstil” масъулияти чекланган жамияти томонидан таклиф этилаётган Оқтош шаҳарчасида пахта толасидан йигирилган калава ип ишлаб чиқариш, тўқув ва тикув фабрикаси ташкил этиш лойиҳаси Бош вазирда катта қизиқиш уйғотди.

Бу лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “2017–2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш дастури” асосида ҳамда тадбиркорлик субъектларига яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланган ҳолда амалиётга тадбиқ этилади.

Лойиҳа раҳбари, тадбиркор Жобирхон Камолиддиновнинг қайд этишича, умумий ер майдон 9,3 гектарни ташкил этадиган объектда 41 млн. АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа ишлари амалга оширилади. Шундан 10 млн. доллари миқдоридаги банк кредити асосида бажарилса, 31 млн. доллар тадбиркор маблағи эвазига бажарилади. Швейцария, Япония, Хитой, Италия, Франция, Туркия давлатларининг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган энг сўнгги, замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилади.

Корхонада келгусида пардалик, ётоқхона жамланмаси, костюм ва шим учун матолар, бўялган калава ип, хом калава ип каби маҳсулотлар тайёрланиши кўзда тутилган. Корхонанинг дастлабки босқичи 2019 йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилади. Ушбу истиқболли лойиҳа жорий этилиши натижасида 800 та янги иш ўрни яратилади.

Маълумот ўрнида, лойиҳа ташаббускори саналган “Aisha home textile” қўшма корхонаси 2013 йили ташкил этилган. Корхона томонидан республикамиз бюджетига ўз вақтида солиқ, божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келиниши натижасида 2015 йил якунига кўра, республика Давлат солиқ қўмитасининг “Намунали солиқ тўловчи” фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. 2016 йили ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус” кўрик-танлови якуний босқичида “Энг яхши тадбиркор” номинациясида ғолиб чиқиб, “Спарк” автомобили билан тақдирланган.

Тақдимот якунида Абдулла Арипов пахта толасидан йигирилган калава ип ишлаб чиқариш, тўқув ва тикув фабрикаси ташкил этиш лойиҳасини изчиллик билан амалга ошириш ва уни молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда “Асака банк” республика бошқаруви раисига тегишли топшириқлар берди.

Оқилхон Дадабоев, журналист.

ЎзА
14 741