Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.07.2018 17:47 Чоп этиш версияси

ННТлар фаоллиги ортмоқда

Андижонда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда Президентимизнинг жорий йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масалаларни ҳал этишда ННТ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштироки ва фаоллигини ошириш, грант лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, ННТларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. 

– Мамлакатимизда ННТлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларга субсидия, давлат гранти кўринишида молиявий кўмак бериш кўлами ва ҳажми йилдан-йилга ортмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Олий Мажлис ҳузуридаги Парламент комиссияси аъзоси А.Тўхтабоев. – Бундан кўзланган асосий мақсад, фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини таъминлашга қаратилган.

Йиғилишда давлат гранти лойиҳасини амалга ошириш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйган ННТларининг мазкур йўналишдаги фаолияти таҳлил қилинди. Грант лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Тадбирда Жамоат фонди томонидан жорий йилда эълон қилинган биринчи ва иккинчи грант танловларида ўз лойиҳаси билан ғолиб бўлган ННТлари ва оммавий ахборот воситаларига сертификатлар топширилди. 

Ф.Убайдуллаев, ЎзА
6 424