Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 20:25 Чоп этиш версияси

ННТлар фаолияти такомиллашмоқда

Урганчда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Хоразм вилояти ҳудудий бўлимининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

– Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари самарали фаолият юритиши учун норматив-ҳуқуқий база мунтазам такомиллаштириб борилмоқда, – дейди Хоразм вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Т.Алламов. – Бунинг натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва нуфузи ошиб, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда. Бугунги тадбирда улар фаолият юритишининг ҳуқуқий асослари, қонун ҳужжатларига мувофиқ яратилган имтиёзлар бўйича тегишли тушунтиришлар ҳам берилди.

Конференцияда ассоциациянинг Хоразм вилояти ҳудудий бўлимининг 2011-2017 йиллар давомида амалга оширган ишлари ҳақида ахборот тингланди. Ўтган давр мобайнида ҳудудий бўлимга жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан турли мавзулардаги 350 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган ва тегишли тартибда кўриб чиқилган. Ҳисобот даврида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий саводхонлигини, раҳбар ва ходимлар малкасини ошириш, давлат органлари билан ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш борасида турли форум, ўқув-семинарлар ўтказилиб, 24 турли услубий қўлланмалар тайёрланди. Ҳудудда ижтимоий аҳамиятга эга, ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 25 нодавлат нотижорат ташкилотига кўмак берилди.

– Таҳририятимиз ўтган йил ноябрь ойида туманимизнинг энг чекка ҳудудларидаги аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонликни юксалтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиб, фонднинг 25 миллион сўм миқдоридаги грантини ютиб олди, – дейди Қўшкўпир туманидаги “Ҳаёт кўзгуси” газетаси бош муҳаррири М.Тиллаева. – Ушбу лойиҳамиз доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Мен ўқиган ва уққан китоб” деб номланган иншолар танлови эълон қилинди. Танлов жуда катта натижа берди. Биринчи босқичнинг ўзида 500 дан ортиқ иншо таҳририятимизга келиб тушди.

Тадбирда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси республика ҳисобот-сайлов йиғилишига делегатлар сайланди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
3 444