ЎзА Ўзбек

06.08.2018 19:54 Чоп этиш версияси

Низом Қосим: "Адабий алоқалар халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлайди"

Низом Қосим: "Адабий алоқалар халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлайди" Мамлакатимизда 7-8 август кунлари бўлиб ўтадиган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун хорижий мамлакатлардан атоқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар, таржимонлар ташриф буюрмоқда.

ЎзА мухбири айни пайтда юртимизда бўлиб турган Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси, Тожикистон халқ шоири Низом Қосим билан ўзбек ва тожик халқларининг муштарак адабий алоқалари ҳақида суҳбатлашди.

– Дини, дунёқараши, урф-одат ва анъаналари бир-бирига ўхшаш бўлган ўзбек ва тожик халқларининг муносабатлари адабиёт бўстонида ҳам муштараклик касб этган. Икки халқнинг фольклори, достончилиги ва замонавий адабиёти намуналари ҳам мазмундош ҳисобланади.

Ўзбек адабиёти ҳақида гапирганда, Мир Алишер Навоий кўз олдимизга келади. Унинг асарлари бутун туркий халқлар бойлигидир. Худди шундай ҳазрати Абдураҳмон Жомий ҳам тожик адабиётининг улуғ вакили ҳисобланади. Бу мутафаккирлар ижодини тарғиб қилиш, бошқа халқларга етказиш энг масъулиятли ва савобли иш.

Ўзбекистонда тожик мумтоз адабиёти вакиллари ижоди мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида адабиёт дарсларида ўрганиб келинаётгани барча тожикзабон ижодкорлар ва тожик халқини мамнун этмоқда. Тожик халқида ҳам Алишер Навоий асарлари кириб бормаган хонадон йўқ. Бунда таржимонларнинг ўрни беқиёс. Бугун фахр билан айта оламан, замонавий ижодкорлар ва забардаст таржимонларнинг самарали меҳнати туфайли икки халқ адабиёти ўзгача қиёфа касб этди, янги босқичга кўтарилди.

– Ўзбек адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари, сизнингча, қайси жиҳатларда кўринади?

– Яхши асарнинг бадиий қиммати, бой маънавий мулк ва асосий манбалигини кўрсатиб берувчи омил бу таржимон машаққатидир. Шу билан бирга, асарнинг бошқа тилда ҳам аслидагидек ўқилиши учун таржимонда тажриба ва салоҳият юқори бўлиши керак. Энди бадиий таржима оламига кириб келган киши ёки мумтоз поэтика борасида билим ва кўникмага эга бўлмаган ижодкорлардан бу нозик масалада эҳтиёткор ёндашув талаб этилади. Асосийси, таржимон адабий юкни ҳис қилиши керак. Шунинг учун аввало, таржимонлар синфини шакллантириб, сўнг мақсадга эришиш мумкин. Чунки шоир яхши шеър, адиб қанчалар керакли асар ёзмасин, у тарғиб қилинмаса, маълум бир чекланган ўқувчилар доирасида қолиб кетаверади.

– Бадиий таржиманинг мураккаб томони нимада? Иштирокчи ва таржимон сифатида бўлажак анжумандан нималарни кутяпсиз?

– Таржима – бу энг нозик туйғуларни хаёлга қалб амри билан тугиб, ақл билан қоғозга тушириш санъати. Бадиий таржима шундай мўъжизаки, сиз қайтадан янги асар яратасиз. Таржима адабиёти шунинг учун ҳам мураккаб ва масъулиятли ҳисобланади. Ўзбек шеъриятининг таниқли вакилларидан Ғафур Ғулом, Зулфия, Шуҳрат, Абдулла Орипов шеърларини тожик тилига ўгирганман. Бугун ҳам бу анъана замонавий тожик ижодкорлари томонидан давом эттирилмоқда.

"Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари" мавзусидаги халқаро конференция ёш таржимонларга ўрнак бўладиган таржима мактаби шаклланишига, унда адабиёт соҳасидаги долзарб масалаларга ечим топилиши, муҳими, дунё халқларининг адабиёт ва маънавият борасидаги муштарак қадриятлари ривожланишига хизмат қилишига ишонаман.

Дилобар Маматова суҳбатлашди, ЎзА
7 932