Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 18:04 Чоп этиш версияси

Нима истайсиз, кофе ёки қалампир?

Нима истайсиз, кофе ёки қалампир?
Жорий йилда қалампир уруғидан кўчат етиштириш учун 1 минг 500та томорқа эгаси жалб этилди. Улар етиштирган бир миллиард уч юз миллион дона қалампир кўчати учун бўнак сифатида 10 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди.

Бу ҳақида пойтахтимизда очилган «Agro food forum -2018» учинчи халқаро анжумани доирасида тақдимоти ўтказилган Chiliuz масъулияти чекланган жамиятининг мутахассислари маълум қилишди. 

Компания мамлакатимизда хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштириш, қайта ишлаш ва уни экспорт қилиш билан шуғулланади. Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ва тўққизта вилоятда ҳудудий филиаллар ўз фаолиятини бошлади. 

- Дунёда қалампир етиштириш сердаромад соҳалардан бири бўлиб, йиллик маблағ айланиши 30 миллиард долларни ташкил этади,- дейди жамияти директори Фурқат Баҳромов. - Агарда дунёда кофега бўлган талабнинг юқорилигини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич кофедан келадиган маблағ айланмасидан бир мунча кўп.

Ушбу маълумот ҳам жаҳон бозорида бу соҳанинг сердаромадлиги ва унга талаб жуда юқори эканини англатмоқда. Айтиш керакки, Индонезия, Хитой, Ҳиндистон ва Мексика ҳамда жанубий Америка давлатларида етиштирилаётган қалампир энди мамлакатимизда ҳам кенг майдонларда экилмоқда.

Дунёда уч мингдан ортиқ тури бўлган аччиқ қалампирнинг бир неча турини юртимизда етиштириш мумкинлиги аниқланган. Мисол учун, хориждан олиб келинаётган жвалда, cayenne каби навлар шулар сирасидан бўлиб, аччиқлик даражаси 7,8 баллни ташкил қилади, яъни дунё стандартларига тўлиқ жавоб беради ва экспортбоп. 

Анжуманда айтилишича, жорий йил юртимизда 270 минг тонна қалампир етиштирилади. Бутунлигича, кукун ва майдаланган ҳолатдаги қалампир экспортини 150 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Келгусида Chiliuz масъулияти чекланган жамиятининг корхоналарида қалампир қайта ишланиб, соус шаклида сотувга чиқарилади.

Қалампир етиштириш ва экспортида Ҳиндистон, Хитой пешқадамлар сафида бормоқда. Айни вақтда юртимиз вакиллари Жанубий Корея, Польша, Россия, Туркия, Грузия, Молдова, Тайланд ва Вьетнам сингари ўнлаб мамлакатларга экспортни амалга ошириш борасида келишувларга эришдилар.

Қайд этиш керакки, айни вақтда Chiliuz масъулияти чекланган жамиятининг мутахассислари олдида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги халқаро сертификатларни олиш вазифаси турибди.

Халқаро анжуманда қалампирнинг бир қанча шифобахш хусусиятлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, Гарвард олимлари хитойликларни узоқ муддат кузатиб, уларнинг таомномасига эътибор бериб, овқатга аччиқ зираворлар қўшиб истеъмол қилган кишиларда бошқаларга нисбатан эрта ўлим хавфи уч баробар кам эканини аниқлашди. 

- Маҳалламизда ҳар бир хонадонда қалампир етиштирилади,-дейди Риштон тумани Жалойир қишлоғида яшовчи Исомиддин Толипов.- Унинг шифобахш хусусиятларини ҳақидаги сўзлар ота-боболаримиздан бизгача етиб келган. Мисол учун, қалампир нафақат организмдаги шамоллашни олади, балки томоқ йўлидаги балғамни кўчиради ва яхшигина терлатади. Бу борада у лимондан бир неча баробар кучли. Гармдори ичакларни қурт ва гижжалардан тозалайди ҳамда уларнинг фаолиятини яхшилайди. Бунинг учун янги узилган қалампирдан тўғраб, суюқ таомларга қўшиб истеъмол қилиш керак. Бундан ташқари, қалампир бутун бошли организмнинг қаришини секинлаштиради, хавфли ва хавфсиз шишларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади, яъни саратон ривожланишининг олдини олади.

Демак, қалампирдан нафақат озиқ-овқат саноатида балки дори-дармон, косметик воситалар ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланиш яхши самара берар экан.

Сайёра Шоева, ЎзА
7 798