ЎзА Ўзбек

23.07.2020 Чоп этиш версияси

“НИЛИЙ ГУМБАЗЛАРИ КЎК ИЧИДА КЎК...”

“НИЛИЙ ГУМБАЗЛАРИ КЎК ИЧИДА КЎК...”

Самарқанд давлат университетининг 600 йиллиги олдидан

Тарихийлик ва фалсафийлик академик шоир Ғафур Ғулом поэтик услубининг муҳим қирраларини белгилаши – адабиётшуносликда ўз тасдиғини топган илмий ҳақиқат. Чиндан ҳам шоир қайси мавзуда шеър ёзмасин албатта, тарихдан бир-икки мисол келтириб, масаланинг моҳиятига донишмандона фалсафий муносабатда бўлади. Ҳар бир шеърида шоирнинг бугунги ҳаёт тўғрисидаги поэтик мушоҳадалари тарихий сабоқлар ва хулосалар ҳамда файласуфона дунёқараш билан синтезлашиб, табиий қуйма сатрларга айланади.

Ғафур Ғуломнинг Самарқанд дорулфунунига бағишланган “Самарқанд учун” шеъри 1948 йилда ёзилган.

Нилий гумбазлари кўк ичида кўк,

Ложувард осмонда чинний кабутар.

Самарқанд сайқали рўйи замин аст,

Шарқнинг кўрки бўлган тарихий шаҳар.

Шоирнинг тарихчидан муҳим фарқи шундаки, у тарихий ҳақиқатни ўз бадиий ҳақиқати билан тасдиқ этади. Эътибор берилса, ҳар бир сўз, жумла, ишора ўзининг рамзи, сифати, қиёси, ранг ва тароватига эга. “Гумбаз” шунчаки “гумбаз” эмас, “нилий гумбаз”, “осмон” ҳам ҳар галгидан фарқли равишда “ложувард осмон”, “кабутар” ҳам қўлга ўргатилган хонаки эмас, “чинний кабутар” ва айни пайтда бу сифатлар дунёнинг, файзу бараканинг, тинчликнинг рамзлари ҳам бўлиб келади. Сатрлар бир-бирига мантиқан мустаҳкам боғланиб, муайян поэтик манзарани юзага келтиради.

photo_2020-07-23_12-56-58.jpg

Шеърнинг иккинчи бандида халқнинг ўтмиши, бошидан кечирган жабру жафолари тўғрисида сўз кетади:

Манглайинг бир ажин касб этолгунча,

Минглаб жафоларни кечирди бошинг.

“Зижжи Кўрагоний” секундларида,

Кўп карра тутилди кўкда қуёшинг.

Самарқанд дорулфунунига атаб ёзилган шеърнинг иккинчи бандида шоир халқнинг минг йиллик жабру жафолари тарихидан сўз бошлаб нега гапни Улуғбекнинг “Зижжи Кўрагоний” жадвалларига тақаяпти? Шоирнинг талқинига кўра, манглайда ажиннинг пайдо бўлиши ўтаётган йилларнинг эмас, балки у бошдан кечирган кўргуликларнинг аломати. Юнон, араб, мўғул босқинларидан сўнг ҳар гал обод ва фаровон юрт харобага айланган, моддий ва маънавий бойликлар талон-торож қилинган.

photo_2020-07-23_12-56-59.jpg

Маълумки, 140 йиллик мўғул босқинидан сўнг Aмир Темурнинг тарих саҳнасига чиқиши Мовароуннаҳрда марказлашган ягона давлат барпо этилишига асос бўлди. Мамлакатда осойишталик ўрнатилиши, сиёсий-иқтисодий соҳанинг барқарорлашуви маданий ҳаётда ҳам ижобий ўзгаришлар бўлишига олиб келди.

Бу даврда Самарқанд Шарқ ва Ғарбда маданият жиҳатидан равнақ топган, мадрасалари, илму уламолари, бозорлару боғ-роғлари билан донг таратган маънавий марказга айланди. Хусусан, “Зижжи Кўрагоний”нинг яратилиши жаҳон илмида оламшумул воқеа бўлди. Унда Мирзо Улуғбек 1018 та собита юлдузнинг ўрни ва ҳолатини аниқлаб беради. Илми нужум масалаларига бағишланган бу асарда, шунингдек, Қуёш, Ой ва беш сайёранинг ҳаракатлари ҳақида баҳс юритилади.

Шоирнинг талқинича, “Зижжи Кўрагоний” нафақат осмон илмининг, балки халқ бошидан кечирган узоқ асрлик машаққат ва ситамларнинг сонияма-сония қайд этилган солномасидир.

Улуғбек бир вақтнинг ўзида Самарқанд, Бухоро, Ғиждувонда учта мадраса барпо этади. Самарқанддаги мадраса қурилиши 1417 йилда бошланиб, 1420 йилда ниҳоясига етказилади. Улуғбек раҳнамолигида бу мадрасага Мовароуннаҳр ва Хуросондан юзлаб ўз даврида ном таратган астраномия ва математика билимдонлари, адиблар, муаррихлар, хаттотлар, рассомлар, меъморлар жалб этилади. Бу мўғул истилоси даврида таназзулга юз тутган Ренесанснинг қайта уйғониши эди.

photo_2020-07-23_12-57-01.jpg

Ишқу вафоларнинг “Хамса”син ёзган

Жомий, Навоийнинг асрий нидоси,

Ҳали гумбазидан ғўнғирлаб келур,

Олимлар баҳсининг аксу садоси.

“Ғафур Ғуломнинг поэтик тилидаги қисқалик сермазмун қисқаликдир, – деб ёзади профессор Нуриддин Шукуров. – Шоир шеърий сатрларида ўз фикрларини шундай баён этадики, натижада унинг бевосита айтган гапларини тушуниш билан бирга, чўзиқликдан қочиб айтмаган фикрларини ҳам шундай англаб олиш мумкин”. Чиндан ҳам ушбу сатрларда шоир Жомий ва Навоийнинг “асрий нидолари” бўлган “Хамса”ларини эслаб ўтади. Бироқ бу Ғафур Ғулом айтмоқчи бўлган фикрнинг муқаддимаси, ҳаммаси эмас. Чунки у айтилмаган бошқа гапларини англаб олиш учун китобхоннинг тарихий хотирасига таянади, яъни ўқувчининг тарихий хабардорлигини назарда тутади.


Гап шундаки, Абдураҳмон Жомий Ҳирот мадрасасида таҳсил олаётганида устозлари унга бошқа нарса ўргата олмасликларини айтишади ва Самарқандга бориб таҳсилни давом эттиришни маслаҳат беришади. Аълохон Афсаҳзоднинг “Жомий – адиб ва мутаффакир” рисоласида келтирилишича, Жомий Самарқандга уч марта келади, аввал таълим олиш учун, сўнг икки бор Хўжа Аҳрор билан суҳбатлашиш мақсадида. Хўжа Аҳрор ҳам Ҳиротга борганда, Абдураҳмон Жомийнинг уйида бир муддат яшайди. Тасаввуф таълимотининг бу буюк икки даҳосининг учрашуви мавлоно Жалолиддин Румий ва Шамс Табризийнинг тарихий учрашувларини эсга солади.

Ҳазрат Aбдураҳмон Жомий ҳам, Навоий ҳам Самарқанд мадрасасида таҳсил олганлар. Кўриниб турибдики, Ғафур Ғулом ҳар бир мисрани тарихий ҳақиқат билан тасдиқлаб боради. Нилий гумбазлардан олимлар баҳсининг аксу-садосини эшитгандек бўлади.

Улуғбек юлдузлар сирин фош этиб,

Сўник шам олдида тақдим этди бош.

Маърифат офтоби ўчмакни билмас,

Топталмас тупроққа тушганда қуёш.

Ғафур Ғулом ушбу шеърда Улуғбек номини икки бор тилга олади. Шоир учун Улуғбек Шарқ маърифати ва донишмандлигининг тимсоли. Бу тимсол орқали Улуғбекнинг ҳукмдорлиги, олимлиги, мадрасаси, бу мадрасада илмий баҳсу мунозаралар олиб борган Тафтазоний, Қозизода Румий, Жамшид Коший, Мавлона Аҳмад, Муҳаммад Ҳавафий, Али Қушчилар англашилади. Жомий ва Навоийни Самарқандага етаклаган туйғу ҳам ана шу тимсол эди.

Ўз давлат туғроли, ҳур Ўзбекистон,

Мазлум Шарқ халқига бўлаолур кўзгу.

Яша, эй халқимнинг дорулфунуни,

Илму фан манбаи барҳаёт ЎзГУ.

Самарқанд давлат университети 1961 йилгача Ўзбекистон давлат университети (ЎзГУ) атаб келинган. Дарҳақиқат, Улуғбек 1420 йилда тамал тошини қўйган мадраса, шоир айтганидек, бугун СамДУ тимсолида ўзининг барҳаёт анъаналарини давом эттирмоқда.

Олий мадраса билан университет орасида ворисийлик авлодлар ўртасидаги робита ва узвийликнинг ажойиб ва типик намунасидир. Европа олийгоҳлари тарихига назар солсак, улар ҳам аввал диний муассаса сифатида ташкил топиб, кейинчалик дунёвий университетларга айлантирилган. Улуғбек асос солган олий мадрасанинг у диний муассасалардан устунлиги шундаки, бунда ҳам диний, ҳам дунёвий билимлар бирдек ўқитилган. Шу боис Ғафур Ғулом қалбидаги миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуси қуйидаги ҳароратли ва ҳаётий сатрларга кўчади:

Ватанга – жамоли жаҳон орони

Бергувчи фарзандлар бешиги бу ер,

Шарққа маърифатнинг аниқ юзини

Бениқоб кўрсатган эшиги бу ер.

Ватанимизда илк мадрасалар IХ асрда қурилган. Бу анъана кейинги юз йилликларда ҳам давом этган. Уларда илк уйғониш даврининг бир қатор намоёндалари етишиб чиққан. Бироқ бу мадрасаларнинг ҳеч бирида йирик илмий мактаблар пайдо бўлмаган эди. Улуғбек мадрасасидек ёрқин порламаган эди, узоқ асрлар давомида анъаналарининг бардавомийлигини сақлаб қололмаган эди.

Оталар одобин тутиб назарда,

Келтирдим дўстларга атаб гулдаста,

Чунки Самарқанд бу ЎзГУ демакдир,

Шоирнинг жони ҳам унга пайваста.

Мазкур шеърнинг ёзилганига 70 йилдан зиёд вақт ўтди. Шўро сиёсати ва мафкураси гуллаб-яшнаган бир пайтда, ўзбек халқи октябрь инқилобигача ғирт саводсиз эди, деган ғоя ҳукм сурган бир замонда бундай поэтик мазмунни ифода этишнинг ўзи бир жасорат ва кароматгўйлик эди.

Энг муҳими шундаки, Ғафур Ғулом нафақат бу шеърида, балки “Ўттиз ёшли ЎзГУга”, “Севсам севибманда” каби асарларида ҳам Самарқанд университетига Улуғбек мадрсаларининг вориси, Самарқанд тимсоли сифатида қарайди ва тарихий ҳақиқатни бетакрор ғафурона услубда бадиийлаштиради.

Ўз вақтида Ғафур Ғулом орзу қилган, шеърларида илгари сурган бадиий ғоя, поэтик мазмун бугун реал ҳақиқатга айланмоқда. Университет ректори Рустам Халмурадовнинг “Ўзбекистонда илм-фаннинг янги ренесанс даври бошланмоқда" мақоласида Самарқанд давлат университети Улуғбек мадрасасининг ҳаққоний вориси эканлиги ҳар томонлама асослаб берилди. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг СамДУнинг 600 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори юртдошларимизнинг қалбини ғуруру ифтихорга тўлдирди. Ғафур Ғулом айтгандек:

Бугун сабза бўлди кечаги нафас,

Ҳозир қонда кезар эртаги умид.

Шавкат ҲАСАНОВ,

Самарқанд давлат университети профессори


3 279
ЎзА.