ЎзА Ўзбек

08.08.2018 17:06 Чоп этиш версияси

Нигора – танлов ғолиби

Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, қадриятларимизни асраб-авайлаш, жамиятда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, бу соҳада фаоллик кўрсатаётган мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида ўтказиб келинаётган кўрик-танловнинг вилоят босқичида 10 нафар иштирокчи ўзаро баҳслашди.

Иштирокчиларнинг миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар бўйича фаолиятига доир дастурлари, режалари, ўтказаётган тадбирларининг савияси, нутқий маҳорати ва оммавий ахборот воситаларидаги фаоллигига алоҳида эътибор қаратилди.

Навоий давлат педагогика институтининг Ижтимоий фанлар кафедраси мудири Нигора Сафарова олий ўринга сазовор бўлди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Шиддат билан ўзгараётган бугунги замонда маънавиятимизни, миллий ўзлигимизни асраш энг муҳим вазифалардан биридир, – дейди Н.Сафарова. – Айниқса, ёшлар орасида тарғибот ишларини кучайтириш жамиятимизда маънавий соғлом муҳитни мустаҳкамлашнинг асосий шартидир.

Турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 348